Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яратилган шароитлар ўрганилди
23:06 / 2025-12-31

Янги йил байрами муносабати билан Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Сирдарё туманида жойлашган ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган “Мурувват” аёллар интернат уйида бўлди.

Ташриф давомида муассасада истиқомат қилаётган хотин-қизлар учун яратилган яшаш ва парвариш шароитлари, тиббий ва ижтимоий хизматлар сифати, реабилитация ҳамда соғломлаштириш машғулотлари, шунингдек, бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган ишлар кўздан кечирилди. Ногиронлиги бўлган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Байрам тадбири доирасида интернат уйида истиқомат қилаётган аёлларга Янги йил муносабати билан байрам совғалари топширилди. Ташриф чоғида мазкур тоифадаги хотин-қизларга доимий ғамхўрлик кўрсатиш, улар учун муносиб яшаш шароитларини таъминлаш давлат ижтимоий сиёсатида устувор вазифалардан бири экани қайд этилди.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда “Мурувват” аёллар интернат уйида 273 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз доимий парвариш ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Муассасада уларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда меҳнат кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Ташриф якунида Зулайҳо Маҳкамова ногиронлиги бўлган аёллар учун хавфсиз ва қулай муҳитни янада яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири