Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яратилган шароитга муносиб ғалабаларга эришамиз
15:46 / 2023-10-31

Президент топшириғи амалда

Спортчи учун энг муҳими тартиб ва шароит. Қўл жанги спорти бўйича мураббийлик фаолиятимни бошлаганимга 15 йилдан ошди. Бу давр мобайнида қанчадан-қанча шогирдлар тайёрладик. Бизни доим шароит масаласи ўйлантирарди. Аввалига шаҳар марказидаги истироҳат боғининг бир четида собиқ совет тузуми даврида ошхона сифатида фаолият юритган бинодан спорт зали сифатида фойдаландик. Қишда совуқ, ёзда эса иссиқ эди. Жуда қийналардик. Спорт инвентарларинику айтмаса ҳам бўлади. Ўзимиз қўлдан келганча баҳоли қудрат шароит қилиб, шуғулланганмиз. Кейин мактаб залларини ижарага олиб, фойдаландик.    

Яхши шароитга эга спорт залларида машғулот ўтказиш бир умрлик орзуимиз эди. Шундай ҳолатда ҳам кўплаб шогирдларимиз халқаро мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритди. Масалан, ҳозирги кунда яхши натижаларга эришаётган шогирдларимиздан Бобур Қурбонов қўл жанги бўйича Италия давлатида ўтказилган мусобақада жаҳон чемпиони бўлган. Ҳозир ММА спорти билан шуғулланяпти. Яна бир шогирдимиз Рамазон Темиров Япония шаҳрида яқинда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарди. У ҳам халқаро даражадаги спортчи. Шоҳруҳ Зиётов қўл жанги бўйича Албания шаҳрида ноябрда ўтказилиши кутилаётган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўряпти. Хуллас, натижаларимиз ёмон эмас.  

Жорий йил биз учун жуда муваффақиятли келди. 21-22 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари ташрифнинг иккинчи кунида вилоят фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда Қарши шаҳридаги ММА (аралаш жанг санъати) спорт клуби мураббийи Бобур Қурбонов билан ҳам суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбатда Бобур ўзи ва шогирдлари томонидан ММА спорт тури бўйича эришган ютуқлари тўғрисида қисқача маълумот берди. Президентимизга мамлакатимизда спортга, хусусан, “Қўл жанги” ҳамда ММА спортини ривожлантиришда кўрсатаётган юксак эътиборлари учун ўзининг миннатдорчилигини билдирди.  

Шунингдек, Бобур вилоятда спортнинг “Қўл жанги” ва ММА турларини янада ривожлантириш, ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб этиш ҳамда шуғулланиши учун ҳомий ташкилот ажратилишини сўраб мурожаат қилди. Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари мазкур масалани ҳал қилиш бўйича Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлоновга тегишли топшириқларни берди.  

Давлат божхона қўмитаси раиси Президент топшириғи бўйича шу куннинг ўзида Қарши шаҳридаги ММА спорт клубига ташриф буюрди ва ММА мураббийи Бобур Қурбонов, вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси раҳбари В.Рўзиев ҳамда спортчилар билан учрашди.  

Учрашув давомида  А.Мавлонов томонидан ҳудудда спортни ривожлантириш масаласида яқиндан ёрдам кўрсатилиши билдирилди.

Шундан сўнг қўмитанинг ҳомийлигида қисқа фурсатда жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий спорт зали барпо этилди ва фаолият бошлади.  

Спортнинг ММА тури билан шуғулланаётган болажонларнинг қувончи чексиз, келажакда юқори марраларни мақсад қилган бўлажак чемпионларнинг галдаги орзуси ҳам амалга ошди, десак муболаға бўлмайди.  

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бино барпо этилишида енгил конструкцияли ва турли об-ҳаво шароитларига бардошли қурилиш материалларидан фойдаланилган. Бу эса, спортчиларга машғулотлар учун қулай муҳитни яратиш билан бирга, бино ҳароратини сақлаш ва энергия тежамкорлигини таъминлашга хизмат қилади.  

[gallery-14302]

Қувонч билан айтиш мумкинки, бугун воҳа аҳли учун Қарши шаҳри марказида бир вақтнинг ўзида 100 нафардан зиёд ёшни ММА спорти билан шуғуллантириш имконияти мавжуд бўлган барча шароитга эга, шинам ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозланган замонавий спорт иншооти қад ростлади. Албатта биз спортчилар Юртбошимизнинг эътибор ва ғамхўрликларига жавобан келгусида жаҳон ареналарида юртимиз байроғини янада юксакларга кўтаришга ваъда берамиз.    

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/NCQnfERQMG0" title="Яратилган шароитга муносиб ғалабаларга эришамиз" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Музаффар Худойқулов,  

Қўл жанги ва ММА спорти бўйича  

Қашқадарё вилоят терма жамоаси мураббийси.

ЎзА