French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яратилган имкониятлар ўз самарасини бермоқда
15:27 / 2025-09-16

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига ташриф буюрди ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳига давлат мукофотларини тантанали топширди ҳамда таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни янада қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.  

Мулоқотда ўзи ёш бўлишига қарамасдан юзлаб ўғил-қизларни юқори марраларга етаклаётган бухоролик Биллура Икромова ҳам қатнашди. Биллура Топ-200 таликка кирадиган Буюк Британиянинг Рединг олийгоҳини битирган.

– Давлатимиз раҳбари яратиб берган имкониятлар туфайли кўплаб ёшларимиз нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда, – дейди Ромитан тумани Қизилравот қишлоғидаги 38-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Биллура Икрамова. – Мен ҳам “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Буюк Британиянинг Рединг университетида таҳсил олдим. Имтиёзли диплом билан юртимизга қайтдим. Тўғриси  бир нечта нуфузли ташкилотлардан иш таклифларини олдим. Аммо мен уйимиздан 230 километр узоқда, Хоразм вилояти ҳудудидан 5 километр масофада жойлашган чекка мактабга ҳар ҳафта қатнаб, инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида иш бошладим. Бу мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси йўқ экан. Ана икки йилдан буён ўқувчиларим инглиз тили фанидан илк ютуқларга эришмоқда. Улар фан олимпиадаларида ғолиб бўлди, тил сертификатларини қўлга киритди. Ишонтириб айтаманки, худо хоҳласа, ўқувчиларим орасидан Гарвард талабалари ҳам етишиб чиқади. Ўқувчиларга билим бериш баробарида кўплаб лойиҳаларни амалга оширяпман. Жумладан, олис ҳудуд қизлари учун менторлик лойиҳасини ишлаб чиқдим.

Биллура мулоқотда давлат раҳбарига амалга оширган муваффақиятли лойиҳалари ва қўлга киритган натижалари ҳақида сўзлаб берди.  

–Мен халқаро донор ташкилотидан 120 минг доллар грант маблағини жалб қилиб, Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотлари учун грант таклифларини тайёрлаш лойиҳасини амалга оширдим,  – дейди Биллура. –Лойиҳада иштирок этган 112 нафар тингловчи 6 ой ичида мен жалб қилган маблағдан 10 баробар кўп — яъни 1 миллион 200 минг доллар халқаро грантларни мамлакатимизга олиб кирди. Бу мамлакатимизда халқаро донорлар билан самарали ишлаш мумкинлигининг ёрқин намунасидир. Аммо ҳозирги кунда грантлар асосан олийгоҳлар доирасида жалб этилмоқда. Университетларда грант ёзиш кўникмасига эга кадрлар кўп, аммо мактабларда бундай мутахассислар етарли эмас. Шу билан бирга, айнан мактабларни ривожлантириш учун халқаро донорлар ажратадиган маблағлар катта, имкониятлари эса кенг. Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан барча мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Агар мактаб маслаҳатчиларини грант ёзиш ва халқаро инвестиция жалб қилиш бўйича махсус курсларда ўқитсак, улар мактаблар доирасида ҳам халқаро инвестицияларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса таълим тизимининг барча бўғинларда тенг ва изчил ривожланишига хизмат қилади. Маслаҳатчиларни грант лойиҳаларини ёзишга ўргатиш зарур.  

Мулоқотда Биллура Икромова давлатимиз раҳбарига ана шундай  кенг имкониятлар яратиб бергани учун миннатдорлик билдирди.  

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.