Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яратилаётган ҳар 10 иш ўрнининг биттаси туризм соҳаси ҳисобига тўғри келмоқда
11:18 / 2023-12-19

Муносабат

Сир эмаски, туризм йўналиши жаҳон иқтисодиётида юқори даромадли ва жадал ривожланиб борувчи соҳалардан ҳисобланади. Шунингдек, туризмнинг халқаро ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳам юқори. Бу айниқса, бугунги глобаллашув ва геосиёсий тарангликларни юмшатишда муҳим аҳамият касб этади. 

Шу боис, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам туризм соҳасини ривожлантиришда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, "Ўзбекистон - 2030" стратегияси доирасида келгуси етти йилликда хорижий сайёҳлар сонини 15 миллионга, ички сайёҳлар сонини 25 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиган сайёҳлар сонини 3 миллионга ошириш мақсад қилинган. 

Албатта ушбу мақсадларга эришиш учун қулай инфратузилмани яратиш зарур. Келгусида хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига республикада 30 та йирик туризм кластери ташкил этилиб, меҳмон ўринлари сони камида 2 баробарга оширилади. Тоғли ҳудудларда 25 та дор йўллари қурилиб, туризм маҳаллалари сони 175 тага етказилади. 

Хорижлик сайёҳлар учун барча халқаро аэропортларда республикадан сотиб олинган ва расмийлаштирилган маҳсулотлар учун “Tax free” тизими жорий этилади. “Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури ишлаб чиқилиб, унинг доирасида маданий мерос объекти реставрация қилиниб, ёдгорликларда “очиқ осмон музей”лари ташкил қилинади. 

Эришилган натижаларни қадам-бақадам таҳлил қилиш ҳамда орттирилган тажриба белгиланган мақсадлар бўйича янада юқори натижаларга эришиш имконини беради. Шу боис, давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида ҳам туризм соҳаси имкониятларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Хусусан, келгусида мамлакатимизга сайёҳлар оқимини янада ошириш учун меҳмонхона ва меҳмон уйларини кўпайтириш мақсадида Паркентдаги Кумушкон, Ҳисарак, Сўқоқ, Бошқизилсой, Чанги, Заркент, Бойқозон маҳаллаларида туризм масканлари ташкил этилади. Шунингдек, Хонобод шаҳри, Бойсун, Бахмал, Фориш, Ангрен ва Оҳангаронда ҳам туризм масканлари мастер режалари ишлаб чиқилади. 

Омонхона, Майданак каби туристик объектлар инфратузилмасини яхшилашга 30 миллион доллар йўналтириш, туризм объектларига олиб борувчи йўллар инфратузилмасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш белгиланди. Йўлларни таъмирлаш билан бирга, уларнинг атрофида комплекс хизматларни ривожлантиришда янгича ёндашув жорий қилинади. 

Мамлакатга туристлар сонини оширишда синалган яна бир тажриба, бу тилла буюмлар савдосидир. Афсуски, ҳозирги вақтга қадар мамлакатимизда бунинг учун етарли шароит яратилган бўлса ҳам, ўтган икки йилда жуда кам тилла буюмлар сотилган. Шу боис келгуси йил замонавий заргарлик комплексларини ҳар бир ҳудудда ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди. Улардаги дўкон ва расталар, заргарлик ускуналари 7 йилга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади. 

Шунингдек, мамлакатимизда халқаро “Ўзбекистон ипак матолари” мода ҳафталиги ташкил қилиниб, унга дунёнинг етакчи мода уйлари таклиф қилинади. Тайёр ипак маҳсулотлари танлови ўтказилади ва мукофот жамғармасига ҳар йили 2 миллион доллар ажратилади. 

Ҳам ички ҳам ташқи туризм ривожидаги яна бир муҳим ташриф қоғози, бу — бозорлар саналади. Йиғилишда ҳозирда бозорларда сайёҳлар узоқ ушланиб қолмаётгани, айрим бозорлардаги кириб-чиқишдаги ноқулайликлар, тирбандлик аҳоли ва сайёҳлар эътирозига сабаб бўлаётгани таъкидланиб, бозорларимизнинг сотувчи ва харидорлар, туристлар учун қулайлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Шу муносабат билан бозорларимизни туристлар кунлаб вақтини ўтказиши мумкин бўлган мажмуаларга, мамлакатимизнинг “ташриф қоғози”га айлантириш, бунда миллий маданиятимизни акс эттирган янги замонавий бозор комплекслари лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. 

Туризм соҳаси ривожида юқоридаги каби мақсад ва режалар мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятини оширибгина қолмай, аҳоли учун қулай ва даромадли иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади. Таҳлилларга кўра, ҳозирда дунёда яратилаётган ҳар 10 иш ўрнининг биттаси туризм соҳаси ҳисобига тўғри келмоқда. 

Музафара АБДИЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

ЎзА