Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доираси кенгайтирилди
11:17 / 2024-10-15

2024 йил 8 октябрда “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун кучга кирди

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақидаги сўзлаб берди:  

– Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилмоқда.  

Албатта, бу борада қонун ижодкорлиги, мавжуд қоидаларни бугунги замон талабларига мослаштирган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.  

Янги қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш киритилди. Жумладан, соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмиш жиноий жазо таркибидан чиқарилди. Бу қилмиш маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказилди. Ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доираси  кенгайтирилди.    

Хусусан, Жиноят кодексининг 109-моддаси биринчи қисми чиқариб ташланди. Мазкур модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди: “Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар: а) диний таассублар замирида; б) бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд  шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб; в) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, – бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида назарда тутилган ярашув тўғрисидаги институтни қўллаш доирасидаги моддалар сони 12 тадан 15 тагача кўпайтирилди. Кодекс 61-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари (оз миқдорда талон-торож қилиш), 62-моддаси (топиб олинган мол-мулкни яшириш), 121-моддаси (транспорт воситаларининг ички жиҳозларига шикаст етказиш) билан тўлдирилди.  

Бундан ташқари, юқорида таъкидлаб ўтилган Жиноят кодексининг 109-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган норма чиқарилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддасида акс эттирилди.  

Яъни, 52-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди: “Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.  

Қонун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институти таъсир доирасини кенгайтирди. Бу инсон ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг самарадорлиги ошишига ҳамда жиноий жазоларнинг айрим турларини янада либераллаштиришга хизмат қилади.   

Норгул Абдураимова,  

ЎзА