Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ярашув институти – жиноят қонунчилиги либераллашувининг муҳим ютуқларидан бири
17:58 / 2024-02-12

Дунёда қанча давлат, миллат бўлса, уларнинг бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос жиҳатлари кўп. Ўзбек халқи ҳақида гап кетса, бир-бирининг қувончига шерик бўлиш, мусибатидан қайғуриш, адашиб хато қилганларни тўғри йўлга солиш, кечиримлилик каби олижаноб фазилатлари эътироф этилади.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам бу анъана ифодасини топмоқда. Жумладан, жиноят қонунчилиги либераллашувининг муҳим ютуқларидан бири –ярашганлик муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш институтининг жорий этилиши бўлди. Натижада минглаб фуқаролар “судланган”, деган тамғадан асраб қолинди, минглаб оилалар ўртасида душманлик кайфияти пайдо бўлишига тўсиқ қўйилди ва фуқаролар манфаати ишончли ҳамда самарали таъминланди. 

Мустабид тузум даврида эса айтайлик, автоулов ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, йўловчига тан жароҳати етказса, гарчи у пушаймон бўлиб, жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортиларди. Бундан унинг оиласи ҳам азият чекар ва фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатарди. Бир одамни жазони ижро этиш муассасада сақлаб туришнинг ўзи ҳам давлатга ортиқча харажат эканини эътиборга олсак, ярашув институтининг қадри янада ошади. Шунингдек, дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриб чиқиш учун сарфланадиган вақт ҳам, сарф-харажат ҳам қисқаради. 

Ярашув институтининг афзаллиги шундаки, биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўлиқ таъминланади. Яъни, унинг манфаатлари устувор саналади. Иккинчидан, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланади. Учинчидан, айбдор жазоланмасдан тарбияланади. 

Ярашув жамиятда судланганлик ҳолатини камайтирибгина қолмай, унинг узоқ давом этадиган, ҳатто авлодлар тақдирига ҳам таъсир ўтказадиган оқибатларини бартараф этиш имконини берди. Қолаверса, айбга иқрор бўлишни рағбатлантираётган бу самарали ҳуқуқий институт ортиқча суд-тергов ҳаракатларига барҳам берди. Жараённи тезлаштириш ва соддалаштиришга йўл очди. Фуқароларнинг вақтини тежади. 

Шу ўринда бир мисолни келтириб ўтсак. Пойтахтимизда яшовчи П.Ю.ўтган йилнинг 3 декабрида Яккасарой туманида жойлашган савдо мажмуаларидан бирида фуқаро И.Д.га тегишли 1 300 000 сўмлик уяли телефон аппарати ва ҳар бири 10 000 сўмлик иккита сим картани ўғирлаган. Суд мажлисида жабрланувчи И.Д. гумонланувчи П.Ю.билан ярашгани ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб, унга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб бергани сабабли П.Ю.га оид жиноят ишини ҳаракатдан тугатишни сўради. Суд ажримига кўра, жиноят иши тарафлар ярашгани муносабати билан ҳаракатдан тугатилди. 

Қисқача айтганда, қонунчилигимиздаги ўзгаришларга биноан ҳозирда ярашув институти самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол ифодасидир. 

Азимжон Ҳакимов,

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси.