Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ярашган оилалар сони 1246 тага етди
18:17 / 2025-06-24

Жорий йилнинг ўтган даврида Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бошқармаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан алимент ундиришга оид 1246 та ижро ҳужжати оилалар ўзаро ярашгани муносабати билан бекор қилинди.

–  Ушбу ярашувларга эришишда Бюро ходимлари томонидан олиб борилган манзилли тушунтириш ишлари, психологик маслаҳатлар ва суҳбатлар муҳим аҳамият касб этмоқда, –  дейди Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бошқармаси катта инспектори Рустамжон Маткаримов. –  Натижада қарздор ва ундирувчи томонлар ўзаро келишиб,  оилавий муносабатларни сақлаб қолишди.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида вояга етмаган шахслар фойдасига 25 миллиард сўмдан ортиқ алимент маблағи ундирилиб, ҳақдорларга тўлиқ етказиб берилди. Алимент тўловлари бўйича ижро интизомини таъминлаш, фарзанд ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Бюро фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Маълумки, оила — жамиятнинг асосий бўғинидир. Унинг мустаҳкамлиги нафақат фарзанд тарбияси, балки кенг маънодаги ижтимоий барқарорликнинг ҳам кафолати ҳисобланади.

–  Мажбурий ижро бюроси фаолиятида фақатгина ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолинмасдан, инсонпарварлик, бағрикенглик ва оилани асраб-авайлаш каби тамойилларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сирдарёда оилалар ярашуви билан якунланаётган ижро ишлари сонининг ортиб бориши ана шу ёндашув самараси сифатида намоён бўлмоқда, –  дея қўшимча қилди Рустамжон Маткаримов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири