Исроил билан ХАМАС ўртасида уруш бошланганига 600 кун бўлди. Бу можаро Ғазо сектори тарихига энг узоқ давом этган, ўта вайронкор ва кўп қон тукилган уруш сифатида муҳрланади.
2023 йил 7 октябрда ХАМАС аскарлари Исроил жанубига кенг кўламли ҳужум қилиши натижасида 1400 киши ҳалок бўлди, 250 дан зиёд аҳоли, исроиллик аскарлар асирга олинди. Уларнинг кўпчилиги ҳамон гаровда ушлаб турилибди.

ХАМАС баёнот беришича, амалиёт яҳудий аскарлар Шарқий Қуддусда Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши, Исроил қишлоқларида фаластинликларга қарши зўравонлик кучайишига қарши чорадир. Бунга жавобан Исроил ҳам кенг кўламли ҳарбий юриш бошлади. Дастлаб Ғазо секторига ҳаводан зарбалар берилди. Сўнгра қуруқлик бўйлаб амалиёт бошланди. Асосий мақсад ХАМАСни маҳв этиш, гаровдагиларни озод қилиш ва хавфсизлик ўрнатиш, дея баёнот берилди. Ҳамон шу мақсад ўзгармаслиги такрорланмоқда.
Исроил молия вазири Бизалил Смотрич армия радиоси орқали қамалдаги Ғазо секторига қарши уруш учун кунлик бевосита харажат 1 миллиард шекел (тахминан 246 миллион доллар) эканини маълум қилди.

600 кун лик можаро давомида, Исроил томони тарқатган маълумотга кўра, 20 000 га яқин ХАМАС жангариси, жумладан асосий қўмондонлар йўқ қилинган. Шунга қарамай, “Ҳаракат фаоллигича қолмоқда, 58 нафар исроиллик ҳамон гаровда ушлаб турилибди, улар Ғазода”, дейилган “Ynet” янгиликлар сайти хабарида.
Шунингдек, уруш пайти Исроилга нафақат Ғазо, балки Ливан, Сурия ва Ямандан ҳам жами 15 000 га яқин ракета учирилгани қўшимча қилинган.
Бошқа манбалар келтиришича, шу даврда 1800 дан кўп исроиллик ҳалок бўлган. Улардан 846 нафари аскар, 68 нафари полициячи. Жангчилар ва бегуноҳ аҳоли орасидаги қурбонларни ҳисоблаб борган ХАМАСга алоқадор Ғазо Соғлиқни сақлаш идораси масъулларига кўра, урушда 46 645 га яқин фаластинлик ҳаётдан кўз юмган.
С.Раҳимов,ЎзА