Яқин Шарқда давом этаётган нотинч шароитда 102 000 нафар Британия фуқароси ҳукуматнинг махсус ёрдам тизими орқали рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Қироллик ташқи ишлар вазири Иветт Купер маълум қилди.
Расмийнинг сўзларига кўра, Форс кўрфази давлатларида тахминан 300 минг нафар британиялик доимий яшайди ёки вақтинча бўлиб турибди. Ҳаво йўллари ёпилиши сабаб, минглаб одам ҳудудни тарк эта олмаяпти. Улар орасида сайёҳлар, транзит йўловчилар ва хизмат сафаридагилар бор.
Ҳозирча оммавий эвакуация эълон қилинмаган, бироқ ТИВ вазиятдан келиб чиқадиган эҳтимолий чораларни ўйламоқда. Масалан Баҳрайн, Исроил, Қатар, Кувайт, БАА ва Фаластиндагилар ҳукумат платформасига киритиляпти.
Лондон авиакомпаниялар ва минтақадаги ҳукуматлар билан доимий алоқада. Мақсад – фуқароларга тезкор маълумот етказиш ва хавфсиз қайтиш имкониятини яратиш. Айрим аэропортларга бевосита зиён етган, рейслар оммавий равишда бекор қилинган. Бундай вазият қанча давом этиши ҳозирча номаълум.
Мусулмон Зиё, ЎзА