Исроил – Эрон можароси ҳаво қатновини издан чиқарди. Шанба ва якшанба кунлари Баҳрайн, Эрон, Ироқ, Исроил, Иордания, Кувайт, Қатар ва БАА осмони қисман ёки тўлиқ ёпилди. Натижада минглаб рейс бекор қилинди, юзлаб самолёт йўналишини ўзгартирди, ўн минглаб йўловчи аэропортларда қолиб кетди.
“Cirium” авиа таҳлил компанияси маълумотига кўра, шанба куни Яқин Шарққа қўниши режалаштирилган 4 218 рейснинг 966 таси ёки 22,9 фоизи амалга ошмаган. Якшанба куни эса 4 329 рейсдан 716 таси бекор қилинган. “Flight Aware” глобал миқёсда 19 000 дан кўп рейс кечикканини қайд этди.
“Flightradar” маълумотига кўра, фақат дам олиш кунининг ўзида минтақадаги етти йирик аэропортда 3 400 дан ортиқ рейс бекор қилинган.
Тўхтаб қолган мажмуалар орасида “Dubai International Airport”, “Hamad International Airport” ва “Zayed International Airport” бор. Дубай аэропортида тўрт киши жароҳат олгани айтилди, Абу-Дабига дрон ҳужуми туфайли бир киши ҳалок бўлиб, етти киши яраланган. Кувайт аэропортида ҳам зарба ҳақида хабар берилган.
Минтақадаги йирик ташувчилар – “Emirates”, “Etihad Airways” ва “Qatar Airways” рейсларни оммавий равишда тўхтатди. “Lufthansa” гуруҳи, “Air France”, “British Airways”, “Turkish Airlines” каби йирик компаниялар ҳам Яқин Шарқ йўналишларини бекор қилган. Ироқ устидан ўтган Осиё – Европа “ҳаво магистрали” деярли бўшаб қолди. Одатий узлуксиз оқим ўрнида осмон харитасида чексиз бўшлиқ юзага келди.
Йўловчилар учун энг муҳим савол – бадал. Фавқулодда вазият сабаб авиакомпаниялар қўшимча товон тўлашга мажбур эмас, аммо Британия ёки ЕИ авиакомпаниялари орқали парвоз қилаётганлар кечикиш давомида озиқ-овқат, меҳмонхона ва тўлиқ қайтим ҳуқуқига эга. Агар инқироз чўзилса, айланма йўллар ва ёнилғи харажати чипта нархига босимни кучайтириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА