Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти саммити билан ҳисоблаганда ўтган қисқа вақт ичида Қосим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакатимизга учинчи бор ташрифи икки томонлама иқтисодий алоқалар истиқболли аҳамият касб этаётганидан далолат беради.
Марказий Осиёнинг стратегик маконига айланаётган Ўзбекистон Шимол ва шимолий-ғарбда Қозоғистон билан чегарадош бўлиб, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва кўламли иқтисодий ислоҳотлардаги ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Икки давлат раҳбарлари учрашувида ҳудудлараро савдо-иқтисодий шериклик ва стратегик иттифоқчилик жараёнлари кооперация, қишлоқ хўжалиги, аграр секторлар, транспорт ва логистика жабҳаларида институционал интеграциялашувни жадаллаштириш масалаларига йўналтирилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Ташриф доирасида «Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида» ва «Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида»ги тарихий шартномалар имзоланди. Шу билан бирга, ҳукуматлараро ижро ҳокимиятлари ва йирик компаниялари иқтисодий алоқаларини янада жадаллаштириш йўлида 15 та ҳужжат амалиётга йўналтирилгани келгусида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иқтисодий макон йўли яратилишига мустаҳкам асос бўлди. Улкан табиий ер, сув ва ер маъданларига, инсон ресурсларига эга бўлган икки мамлакат раҳбарларининг расмий учрашуви оддий қилиб айтганда, халқ фаровонлиги учун самарали хизмат қилади.
Табиий ресурслардан инновацион технологиялар асосида фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва ишлаб чиқариш соҳаларини иқтисодий тараққий эттириш борасида имзоланган шартномалар олий даражадаги меҳмон келиши арафасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномада кўзда тутилган мақсадлар сари қўйилган илк катта амалий қадам бўлди.
Негаки, давлатимиз раҳбари ташвишланиб айтган икки мамлакат аҳолиси сони ўсиб бораётган бир пайтда бундай иқтисодий ҳамкорликнинг икки томонлама манфаатли муносабатлари истиқболда туғиладиган ишсизлик ва камбағалликдек ечими оғир муаммоларни бартараф этишга ҳозирдан замин бўлиб боради.
Қозоғистон ва Ўзбекистон суғориладиган ер ва сув ресурсларидан энг сўнгги агротехнологиялар ёрдамида фойдаланган ҳолда, аввало қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, аграр саноатни такомиллаштириш, иқтисодий ўсиш ҳажмини биргаликда кенгайтириш, шу орқали жаҳон бозорига биргаликда чиқишда бир-бирини тўлдиришни изчил амалга татбиқ қилиши глобаллашув шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини босқичли барқарор сақлашга улкан имконият яратади.
Минтақамиздаги бу иқтисодий макон муҳити ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг ташаббускорлиги билан қарийб ярим асрдан буён чегара, сув ва бошқа масалалар бўйича тўпланиб қолган кескин минтақавий муаммоларга қардошларча тинч-тотув, оқибатли ечим топиляпти.
Шавкат Мирзиёев илк президентлик лавозимига киришганида, биринчи ташқи хизмат сафарини дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларидан эмас, аксинча, халқимизнинг «Ён қўшнинг – жон қўшнинг» нақлига амал қилган ҳолда, Туркманистондан бошлаган эди. Ундан кейин эса Қозоғистонга расмий ташриф билан бориб, ўзаро ишонч ва конструктив руҳдаги шерикчилик алоқаларини ўрнатгани кечагидек кўз ўнгимизда. Бундай анъанавий давлат бошқарувининг ўзига хос томони шундаки, 3 минг йиллик яхши қўшничиликка эга халқларимиз доимо бир ҳаводан нафас олиб келган, бир дарахтга ўхшаб илдизлари туташ. Айниқса, халқларимизни, уларнинг табиатидаги босиқлик, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, меҳр-оқибат, ишбилармонлик, машварат, кенгашувчанлик фазилатлари ва бетакрор маданияти, буюк тарихи ҳамда унумдор ерлари, бир дарёдан оққан сув манбалари бирлаштириб туради. Шу боис, тинчлик-тотувлик, борди-келди алоқалари халқларимизнинг абадий орзу мақсадларини ўзида мужассам этиб келади.
Чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик тамойили асосида прагматик руҳда жадал ислоҳотлар олиб борилаётгани бугунги яқин ва узоқ минтақалардаги чегарадош давлатларнинг цивилизациясига соя солаётган ноаниқ вайронкор урушлардек вазиятларнинг олдини олишга асос бўлди, десак, тўғри бўлади.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг декабрь ойида Президентимиз Қозоғистонга расмий ташриф билан борган чоғида шериклигимиз иттифоқчилик даражасига кўтарилиб, 6 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланган эди. Натижада Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақавий иқтисодий ривожланиш йўлида Марказий Осиё тараққиётининг локомотиви, деган мавқега эга бўлди.
Иттифоқчилик тўғрисидаги декларация асосида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон томонлари Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш бўйича келишувга эришди.
Ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳати, Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкор мақомида бўлиб, иқтисодий рақобатчи деб эмас, балки шерик сифатида бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Пировардида ўтган йили икки томонлама товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етиб, мисли кутилмаган кўрсаткичга етди.
Бундан ташқари, йилдан-йилга ўзаро транспорт ва логистика, автомобиль ва темир йўллар, ҳаво йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда. Кооперациялар кенгайтирилиб, иқтисодиёт тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони тўғридан-тўғри рақамли платформалар ёрдамида 6 баробарга кўпайди.
Жумладан, ўтган даврда Кустанайда автомобиль, автобус ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш, Туркистон, Чимкентда замонавий тўқимачилик ва маиший техника корхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистонда қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда энергетика, саноат, кимё, озиқ-овқат тармоқлари, қурилиш соҳасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.
Буюк Ипак йўли маконида геосиёсий аҳамиятга эга Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа ёш, қудратга тўлиб келаётган иқтисодий-сиёсий ташкилотлар дастурлари ижроси доирасида улкан ташаббуслар олиб бормоқда. Стратегик шериклик ва кўп векторли ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад – икки давлат ўртасида кўп йиллик сиёсий мулоқотлар ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, мавжуд имкониятларни ишга солиш, трансчегаравий масалаларда ўзаро имконият йўлларини очиш, маданий-гуманитар соҳаларда дастурларини фаоллаштириш, халқаро муносабатлар бўйича фикр алмашиш, минтақавий яхлитликнинг ижобий жиҳатларини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Олий даражадаги учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожига якдиллик билан ҳамкорлик қилиш келишувига эришилди.
«Ўзбек ва қозоқ халқлари – нафақат яқин қўшни, балки муштарак тарихий мерос, маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган қардошлардир. Бу бизнинг бебаҳо бойлигимиз, биз уни қадрлаймиз ва қадрлашда давом этамиз. Бизнинг тақдиримиз бир, келажагимиз ҳам умумий, мен бунга ишонаман», деди Шавкат Мирзиёев.
Яқин ҳамкорлик натижасида қарийб 5 миллиард долларга етган ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бориши йирик кооперация лойиҳаларининг муваффақиятли амалга оширилишига асос бўлаётир.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Қозоғистонга табиий газ, автомобиль, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилиб келмоқда. Ўз навбатида Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой, дон маҳсулотлари экспорт қилинади ва бу мавжуд эҳтиёжларни қондиришда, айниқса, логистика, транспорт харажатларини иқтисод қилишга имконият яратмоқда.
Самарали ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230 дан ортиқ ишлаб чиқариш субъектлари, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари томонидан ташкил этилган 130 дан зиёд корхоналар фаолият юритмоқдаки, натижада минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1000 дан ортиқ, Қозоғистонда ўзбек капитали асосида 1400 дан ортиқ корхоналар фаолияти самарали йўлга қўйилгани ва кенгайтирилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда, минглаб оилаларнинг фаровон яшаши таъминламоқда.
Аниқ манбаларга кўра, 2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган эди. Бугунги сарҳисоблар бу иқтисодий кўрсаткични, яъни ишлаб чиқариш товар айрибошлаш ва савдо айланмасини икки баробардан оширишга имконият мавжудлигини кўрсатмоқда.
Маълумки, мамлакатларимиз иқтисодиёт оламида рақобатчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдирувчи шериклар ҳисобланади. Бунинг учун ҳукуматлараро комиссия ва қўшма савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, янги таъминот бозорлари ташкил этиш зарур бўлмоқда. 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим бу мақсадларни амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эга.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг 179 давлат билан ташқи савдо алоқаларида Россия ва Хитойдан сўнг учинчи ўринда туради. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Қозоғистондан 2,2 миллиард долларлик маҳсулот ва товарлар импорт қилган ҳамда 952,4 миллион долларлик экспортни амалга оширган.
Алоқаларнинг яна бир ажралиб турадиган жиҳати – қозоқлар олижаноб миллат бўлиб, барча туркий халқларни битта халқ сифатида тан оладиган, эпик манбалардаги Тўмарису Широқ, Алпомишу Манасдек афсонавий қаҳрамонларни идеали сифатида улуғлаши билан умумтуркий қадриятларга ҳурмат билан қарашини намоён этади. Шу боис ўзбек миллатига нисбатан меҳрибонлик билан «ўзбегим – ўз оғам» деб мурожаат қилишини кўп эшитганмиз. Бундай қардошлик, дўстлик-биродарлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик муносабатларида бир мақсад, бир макон – бир йўл тушунчалари барҳаёт давом этиб келади.
Стратегик шерикликдаги ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим транспорт коммуникациялари, яъни автомобиль ва темир йўлларнинг ўзаро боғланишини таъминлайди. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтайди. Жумладан, Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган, Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилгани транспорт коммуникациялари тармоғини янада кенгайтирди. Узоқ йўлимизни яқин қилди, сарф-харажатларнинг тежалишига муҳим восита бўлди.
Бу галги учрашув доирасида Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев «Муштарак тарихга, халқларимизнинг қардошлик ришталарига таяниб, Қозоғистон ва Ўзбекистон мустаҳкам, уйғун муносабатларни йўлга қўйдилар», деди.
Албатта, қўшнилар ҳамкорлиги ўзаро самимий мулоқотларда, борди-келди одатларида намоён бўлади. Қосим-Жомарт Тоқаев Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ислоҳотларига камарбасталигини билдирган ҳолда, Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини иқтисодий, ижтимоий жабҳаларини янада тараққий эттиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг улкан ҳиссаси, мотивацион ёндашувларини чуқур ҳурмат қилишини ўз муносабатларида ифода этганини сезиш қийин эмас. Хусусан, буни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни кўриб қўллаб-қувватлашини билдирганида кўриш мумкин. Энг муҳими, бу уфқли ислоҳотлар Янги Ўзбекистон ва Янги Қозоғистон тараққиёти учун дадил қадамлардир.
Учрашувда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ва 2000 йил 7 июлдаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомалар истиқболда катта ўзгаришлар кўзда тутилаётганини кўрсатади.
Электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар, Тошкент-Туркистон, Навоий-Қизилўрда, Жиззах-Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харита»лари ҳам шулар жумласидандир. Ташриф доирасида жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.
Икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми сўнгги йилларда икки баробарга ошиб, жорий йил якунида беш миллиард долларга етиши прогноз қилинди. Ўзаро талаб ва таклиф тамойили асосида яқин йилларда товар айирбошлашни кўпайтириш режасига кўра, Бош вазирлар ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳ тузиш ва қўшма ташқи савдо компаниясини ташкил этишга келишилганлиги катта ташаббуслардан бири бўлди.
Тан олиш керак, бугун тадбиркорлик, саноат ишлаб чиқариш ва аҳоли ўсиш суратларига нисбатан энергия етишмаслиги аср муаммосига айланиб улгурди. Шу боис ҳамкорликда икки томонлама энергетика, автомобилсозлик, кимё, электротехника, қурилиш, логистика ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳаларга старт берилиши юқори баҳоланди.
Икки давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, мамлакатларимизни жипсликда иқтисодий тараққий эттириш, минтақа фаровонлиги ва тинчлик-осудалиги учун табиий иқтисодий макон муҳитини барқарор сақлаш ва кенгайтириб бориш учун замин бўлиб хизмат қилади.
Шерзод Қурбонов,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети,
Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар) факультети талабаси