Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япониялик хотин-қизлар Бойсун ҳунармандларидан онлайн сабоқ олди
11:21 / 2021-05-12

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи моҳир тикувчи- ҳунарманд Малика Пошшоева ва унинг тўнғич қизи Нилуфар Жўраева ўзбек-япон ассоциацияси директори, профессор Яшико Кавабата билан ҳамкорликда Бойсун миллий ҳунармандчилик дурдоналарини тикиш ва тўқиш сир асрорларига қизиқувчи кунчиқар мамлакат хотин-қизларига онлайн маҳорат дарси ташкил этди.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизматидан хабар беришларича, онлайн дарсда японияликлар бойсунлик қўли гул ҳунармандлардан нафис сўзана, ранг-баранг кашта ва бўғжама каби тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий буюмлар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлди. Уларни тикиш сирлари билан яқиндан танишди, ўзлари ҳам тикишга ҳаракат қилиб кўрди.  

Малика Пошшаева кўп йиллардан буён  тоғли бойсунликларга хос ноёб ва нафис касбни маҳаллий хотин-қизларга меҳр билан ўргатиб келмоқда. Сўнгги йилларда тўнғич қизи Нилуфар Жўраева ҳам бу касбни чуқур эгаллаб, унинг сир-асрорларидан шогирдларига қунт билан сабоқ бераётир.

Бойсун мафтункор табиат манзаралари, ноёб қадриятлари, урф-одат ва  миллий ҳунармандлиги билан ҳам дунёга танилган. Тоғли туманнинг юксак дидга эга чеварларининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сўзана, гилам, кашта, дўппи, мато ва миллий  кийимлари хонадонларга ўзгача зеб бериб, нодир қадриятларни кенг намоён этиб туради. Сержило ва ўта нафислиги, рангларнинг хилма-хиллиги билан меҳмонларга ўзгача завқу-шавқ улашади.

Онлайн маҳорат дарсида японияликлар кўзни қамаштирадиган гўзал ҳунардан баҳраманд бўлгани ва уни қизиқувчиларга ўргатишга бел боғлагани учун М.Пошшоева ҳамда тўнғич қизига чуқур миннатдорчилик билдирди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА