Фаолияти давомида бир қанча нуфузли компаниялар раҳбари бўлган Томиҳико Сато айни пайтда кексалик нафақасида бўлишига қарамай, Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университети тадқиқотчисидир.
Иқтисодиёт йўналишида кўп йиллик тажрибага эга олим ҳамон ёшларга хос шижоат билан университетда илм олмоқда. У "Ўзбекистон иқтисодий ривожланишида қишлоқ хўжалигининг ўрни" мавзусидаги илмий диссертацияси учун маълумотлар тўплаб, камбағалликни қисқартириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганмоқда.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Мухтор Шоназаров япониялик олим Томиҳико Сато билан учрашди.
Суҳбат чоғида Токио қишлоқ хўжалиги ва технология университети тадқиқотчиси Т.Сато Самарқанд, Хива, Қорақалпоғистон ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва логистика соҳалари билан танишиб, фермер ва тадбиркорларга ўз тажрибаларини улашиш истагида эканлигини билдирди, дейилади Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги маълумотида.
А.РУСТАМОВ, ЎзА