Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япониялик мутахассислар фарғоналик ёшларга IT соҳасида таълим беради
16:05 / 2021-09-20

Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев Фарғона шаҳар «Шодиёна» маҳалла фуқаролар йиғинидаги банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Ишга марҳамат» мономарказида Япониянинг "Yamato IT Academy" маркази вакиллари билан учрашди.

Мулоқот чоғида асосий эътибор Фарғонада дастурчиларни кўпайтириш, иқтидорли йигит-қизларни Япониянинг турли компанияларида фаолият олиб боришларини йўлга қўйишга қаратилди. Белгиланган режага кўра, мономарказда 3 йиллик таълим жараёнида ўрганувчиларга япон стандарти асосида дастурлаш тиллари ва япон тили пухта ўргатилади. Дастлаб 80 нафар иқтидорли ёшлар бепул ўқитилади ва шу билан бирга тўлов-шартнома асосида ҳам талабалар таълимга қабул қилинади.

DʼS Grace FE LLC япон компанияси директори Дайсуке Накамуро энг яхши таълим олувчилар тест синовлари орқали имтиҳон қилиниши, ундан муваффақиятли ўтганларнинг рўйхати япон компанияларига берилиши ва уларни ишга жойлаштириш чора-тадбирлари кўрилишини таъкидлади. Яна бир эътиборли жиҳат, талабалар таълимни тезроқ ўзлаштириб боришса ва 6 ойлик синовлардан яхши ўтса ўқув дастурларини давом эттириш билан бир пайтда япон компанияларида ҳам онлайн тарзда ишлаш имконига эга бўлади.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан ушбу ўқув йўналиши учун мономарказга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 80 та махсус компьютер ҳамда барча зарурий мебель ва бошқа жиҳозлар олиб келиниб, талабаларга қулай шарт-шароитлар яратилди.

Маълумотларга қараганда, шиддат билан ривожланиб бораётган IT соҳаси мутахассисларига Японияда ҳам эҳтиёж катта ва йилига 5000 дастурчи зарур бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб томонлар олдинда турган вазифаларни атрофлича муҳокама қилдилар. Шу куни мономарказда IT соҳасига қизиқувчи фарғоналик ёшлар билан ҳам учрашув ташкил этилди ва ўғил-қизларга Япониянинг "Yamato IT Academy" маркази ҳақида маълумот берилди.

[gallery-3957]

М. Сулаймонов,

М. Қодиров  (сурат), ЎзА