English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япониялик ҳамкорлар почта хизмати сифатини оширишга ёрдам беради
19:30 / 2020-01-22

Икки мамлакат почта операторлари фаолиятнинг муҳим йўналишлари истиқболи борасида фикр алмашди.


“Ўзбекистон почтаси” АЖ Бош директори вазифасини бажарувчи А.Файзуллаев Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги, мамлакат почтаси, шунингдек “Daiwa” тадқиқот институти масъул вакилларидан иборат Япония делегациясини қабул қилди.

Кунчиқар юрт мутахассисларининг ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги ўртасида 2019 йил 17 декабрь куни Токио шаҳрида имзоланган “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум асосида почта хизматлари йўналишидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат почта операторлари фаолиятнинг муҳим йўналишлари истиқболи борасида фикр алмашди. Япония томони ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хусусан “Ўзбекистон почтаси” АЖ мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув давомида Ўзбекистон почта инфратузилмасини трансформациялаш масаласи ҳам кўтарилди. Ушбу жараённинг дастлабки босқичида Япония почтаси ҳамда “Daiwa” тадқиқот институти вакиллари почта алоқаси соҳасида мамлакатимиздаги жорий ҳолат тўғрисида тасаввурга эга бўлиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги қатор почта бўлимлари ҳамда “Халкаро почтамт”нинг жойлардаги айрим филиаллари иш фаолиятини ўрганиб чиқишади.

Келгусида Ўзбекистон ва Япония почта мутахассисларининг биргаликдаги саъй-ҳаракати билан мамлакатимиз почта сектори фаолиятини қайтадан шакллантириш стратегияси ишлаб чиқилади.