Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Японияга ташриф ўзаро ишончнинг юксак намоёни бўлди
20:01 / 2025-12-22

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб Президентимизнинг Японияга расмий ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташрифни Япония Императори Нарухито билан учрашувдан бошлаб, парламент ва ҳукумат аъзолари, етакчи компаниялар ҳамда молия институтлари раҳбарлари билан самарали музокаралар ўтказди. Бу учрашувлар ўзаро ишонч ва очиқ мулоқотга асосланган муносабатларнинг юксак даражасини намоён этди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбарининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомидаги иштирокига ҳам тўхталиб ўтилиб, унинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, сўнгги тўрт йилда иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ошиб, 20 миллиард долларга яқинлашгани ҳамкорлик самарадорлигининг яққол натижаси сифатида қайд этилди.

Шундан сўнг бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, лойиҳадаги моддалар янада такомиллаштирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА