Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Японияга ташриф: 81,5 миллион долларлик инвестиция шартномалари имзоланди
15:45 / 2022-12-13

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси жорий йилнинг 5-11 декабрь кунлари ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни кўзда тутган амалий ташриф билан Японияда бўлиб қайтди.

Самарали ўтган ташриф давомида умумий қиймати 81,5 миллион доллар бўлган 5 та инвестиция шартномаси имзоланди. Япониянинг Осака ҳамда Чиба префектуралари раҳбарияти билан расмий музокаралар ўтказилиб, инвестициявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, саноат, туризм, маданият ва таълим йўналишларида амалий алоқаларни йўлга қўйиш, Фарғонада Япония компаниялари томонидан қатор соҳаларда замонавий технологияларни жорий этиш каби ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.  

Ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида 2023 йилнинг 2-чорагида Фарғона шаҳрида Фарғона – Япония бизнес форумини ташкил этиш борасида келишиб олинди. Осака Савдо-саноат палатасида 40 нафардан зиёд турли соҳаларда фаолият юритувчи япон тадбиркорлари, ОССП раҳбарияти, Фарғона вилоятидан келган ва Японияда фаолият юритаётган ватандош тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.  

Музокаралар якуни билан имзоланган ҳужжатлар қаторида Фарғона шаҳридаги экошаҳар ҳудудида лойиҳа қиймати 60 миллион доллар бўлган онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган “AOIKAI” халқаро тиббиёт шифохонасини ҳамда тиббиёт университетини ташкил этиш бўйича “AOIKAI Medical Corporation” компанияси билан имзоланган инвестиция шартномасини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, ушбу компания билан Фарғона шаҳрида қиймати 3 миллион долларлик ҳамшираларни тайёрлаш ўқув марказини ташкил этиш ва битирувчиларнинг Японияга тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди.  

“Micado Development” компанияси билан экошаҳар ҳудудида 3 гектар майдонда лойиҳа қиймати 15 миллион долларлик япон боғи, меҳмонхона, ресторанлар мажмуасидан иборат “Shogun city” барпо этиш бўйича шартнома имзоланди. “SANSHO” компанияси билан Фарғона туманидаги “Илғор” массиви ва экошаҳарда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида чиқиндиларни қайта ишлаб энергия ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди. Лойиҳанинг биринчи босқичида чиқиндини саралаш ва қадоқлаш линиясини йўлга қўйиш учун 3 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Иккинчи босқич юзасидан аниқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун япон компанияси 2023 йил январь ойида Фарғонага ташриф буюради.  

“Sanctuary Co. Ltd.” компанияси билан имзоланган инвестиция келишувига кўра, компания 500 минг доллар инвестиция йўналтирган ҳолда Фарғонада вилоят қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш марказини ташкил этади. Ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва аниқ чора-тадбирлар юзасидан “Йўл харитаси” имзоланди.  

Шунингдек, ташриф давомидаги музокаралар чоғида “Yamanashi Gakuin” компанияси билан Фарғона шаҳрида мактабгача таълим, умумтаълим мактаби ва олий таълим муассасаси, илмий-изланиш марказларидан иборат кластерни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, “Nippondo” ва “Willtec” компаниялари билан Фарғона политехника институти қошида қурилиш ва ахборот технологиялари йўналиши талабалари учун ўқув маркази ташкил этиш, “YMO Japan” компанияси томонидан Олтиариқ туманидаги “Nirt fruit” масъулияти чекланган жамиятига тегишли совиткичли омборларга ҳамда Фарғона шаҳридаги мономарказ биносига пилот лойиҳа сифатида қуёш панелларини ўрнатиш, улардан фойдаланиш бўйича ўқув маркази очиш бўйича келишиб олинди.  

“Japan Digital Bank” ва NIOC (Япония инвестициявий амалиётлар корпорацияси) билан Фарғона вилоятида махсус япон саноат зонасини барпо этиш, “Yanmar Energy System Co Ltd.” томонидан энерго генераторлар ишлаб чиқариш, “Masui” компанияси орқали Японияга Фарғонада ишлаб чиқарилган ип-калава, сочиқлар ва уй текстиль маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.  

М.Сулаймонов, ЎзА