Кеча Япония жануби-ғарбидаги Кагосима кўрфазида “Сакурадзима” вулқони “уйғонди”, деб хабар бермоқда “Kyodo” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, вулқон отилиши маҳаллий вақт билан соат 00:57 да рўй берган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар сони ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, яқин атрофдаги биноларга зарар етказилмаган.
Минамидаке кратерида содир бўлган ҳодиса ўтган йилнинг 18 октябридан бери биринчи марта 4000 метрдан юқорига кўтарилди, деб маълум қилди маҳаллий метеорология хизмати. Отилишдан кейин вулқоннинг фаоллиги давом этган. Расмийлар тутун ва кул қўшни минтақаларга ҳам тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Огоҳлантириш даражаси беш баллик шкала бўйича уч балл бўлиб турибди, бу эса тоққа яқин боришни чеклайди.
Кунчиқар юртнинг энг фаол вулқонларидан бири “Сакурадзима” кратерига кириш 2016 йил февраль ойидан бери тақиқланган. Илгари вулқон жойлашган ҳудуд Кагосима кўрфазида алоҳида орол бўлган. Аммо 1914 йилда ўлка тарихидаги энг йирик отилишдан кейин лава оқимлари шарқий қирғоқнинг бир қисмини тўлдириб, оролни Осуми ярим ороли билан боғлади.
Ў.Алимов, ЎзА