French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Японияда Тошкент вилоятининг туризм салоҳияти тарғиб этилмоқда
10:40 / 2025-09-29

Шу кунларда Японияда бўлиб ўтаётган “Tourism EXPO Japan-2025” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Тошкент вилояти вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Дунёнинг 70 дан ортиқ давлатидан 12 минг иштирокчи қатнашаётган кўргазмада вилоятнинг бой маданий мероси, туризм салоҳияти ҳамда маданий дастурлари юқори даражада тарғиб этилмоқда.

Шунингдек, мазкур кўргазма доирасида Тошкент вилояти делегацияси вакиллари ва Япония сайёҳлик агентликлари уюшмаси (JATA) раиси ўринбосари Т.Шимура, Япония Туризм агентлиги раиси Шигеки Мурата ҳамда “Hankyu Travel International Co. LTD” сайёҳлик компанияси президенти ва бош ижрочи директори Атсуши Сакаи билан учрашув ташкил этилди.

Мулоқот чоғида икки томонлама туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм йўналишида кадрлар тайёрлаш, Тошкент вилоятида барқарор туризмни ривожлантиришда Япония билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида Т.Шимура Япония томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, сайёҳлар учун хавфсизлиги, маданий мероси, амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳаларига қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади. 

Шунингдек, учрашувда А.Сакаи билан Тошкент вилоятига япониялик сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олинди. Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Бабажанов вилоятнинг туризм салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказди. Унда ҳудуд бўйича амалга оширилаётган туризм лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Жумладан, “Чорвоқ” туризм рекрацион зонаси директори О.Гулямов томонидан ҳудудда тоғ туризми, қишки туризм, тиббиёт ва экстремал туризм йўналишларида мавжуд имкониятлар кўрсатилди. Жараёнда томонлар ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан ўз таклиф ва фикрларини билдирди. 

А.Мусаев, ЎзА