Япония соғлиқни сақлаш тизими тарихида илк бор iPS – индукцияланган плюрипотент илдиз ҳужайраси асосида яратилган дори воситасига қисман рухсат берилди. Киото университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган бундай инновацион ёндашув Паркинсон касаллигини даволаш жараёнида янги имконият сифатида баҳоланмоқда.
Марказий асаб тизими билан боғлиқ сурункали ва секин ривожланувчи Паркинсон асосан ҳаракат тузилмаси бузилиши билан намоён бўлади. Хасталик мияда дофамин ишлаб чиқарувчи нейрон етарли ишламаслиги ёки нобуд бўлиши натижасида юзага келади.
Ҳаракатни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этадиган модда – дофамин танқислиги қўл-оёқда титроқ, ҳаракат секинлашуви, мушак қотиши, мувозанат йўқолиши аломатларини келтириб чиқаради. Бугунги кунга қадар қўллаб келинган Паркинсонни даволаш усуллари асосан белгиларни енгиллаштиришга қаратилган бўлиб, касалликни тўлиқ бартараф эта олмайди.
Янги услубнинг моҳияти шундаки, соғлом асаб ҳужайраси лаборатория шароитида етиштирилиб, бемор миясига кўчириб ўтказилади. Шу ҳужайралар шикастланган нейроннинг вазифасини қисман зиммасига олиб, дофамин ишлаб чиқарилишини тиклайди. 2024 йил ўтказилган клиник синов бундай трансплантация беморнинг ҳаракат фаолияти ва умумий аҳволини сезиларли даражада яхшилаганини кўрсатган.
Бундан ташқари ишемик кардиомиопатия – қон таъминоти бузилиши оқибатида юрак мушаги заифлашиши билан боғлиқ касалликни даволаш учун ҳам шу турдаги ҳужайра терапиясига рухсат берилди. Демак, илдиз ҳужайра технологияси нафақат неврология, балки кардиология соҳасида ҳам янги имкониятлар очмоқда.
Лойиҳа раҳбари, институт директори Зюн Такахаси ушбу амалиётни тиббиёт соҳасидаги улкан ютуқ сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, келгусида айни усулни такомиллаштириш ва кенг миқёсда жорий этиш асосий мақсадлардан биридир.
Таҳлилчилар фикрича, агар клиник натижа барқарор тасдиқланса, iPS ҳужайра терапияси Паркинсонни даволашда янги стандартга айланиши мумкин. Шу тариқа жаҳон тиббиётида нейродегенератив хасталиклар билан курашишнинг янги даври бошланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Фардона Яхшибоева, ЎзА