Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Японияда Наманган “Савдо уйи” очилди
20:47 / 2025-11-28

Айни кунларда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги расмий ва ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Япония давлатида бўлиб турибди.

Кунчиқар ўлкага ташриф аввалида вилоят делегацияси раҳбари Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида “Onodera User Run” компаниясининг Марказий Осиë билан ишлаш бўйича директори Даики Кимура билан учрашди. 

Ушбу йирик япон компанияси хорижликларни япон тили, касбий малака бўйича тайёрлаб, Япониядаги корхоналарга жойлаштириш билан шуғулланади. Мулоқотда эришилган келишувга кўра, тез орада Наманган шаҳрида ëшлар учун япон тилини ўқитиш маркази очиладиган бўлди.

Шунингдек, Шавкат Абдураззоқов Йокогама шаҳрида тиббиёт, йўл-транспорт ҳамда “Ақлли шаҳар” йўналишларида рақамлаштириш бўйича фаолият олиб борадиган йирик компаниялар раҳбарлари билан ҳам учрашди.

Хусусан, рақамли тиббиёт соҳасида илғор ечимлар ишлаб чиқарувчи “ImedTac” компанияси тақдимот ўтказди. Мулоқотда Наманган вилоятида пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш, мутахассислар малакасини ошириш ва ImedTac технологияларини клиник амалиётга жорий этиш бўйича келишувга эришилди.

Шундан сўнг, “Yokohama Urban Solution Alliance” ва Япониянинг етакчи юқори технологиялар ишлаб чиқарувчиси “Murata Manufacturing” компаниялари ўзининг инновацион технологик ечимлари бўйича тақдимотлар намойиш этди. Унда, асосан, “Ақлли шаҳар” инфратузилмаси учун ахборот коммуникация технологиялари, транспорт ҳаракатини таҳлил қилиш ва бошқаришга мўлжалланган интеллектуал тизимлар каби замонавий хизмат ва маҳсулотлар тақдим этилди.

Ташриф давомида, Наманган вилояти делегацияиси мутасаддилари Канагава префектураси губернатори Юдзи Куроива ва Йокогама шаҳри мэри Такэхару Яманака билан расмий учрашувлар ўтказди.

Ўзаро музокараларда икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, “Ақлли шаҳар” ечимлари, саноат кооперацияси, транспорт инфратузилмаси ва экология соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувларнинг алоҳида қисми миграция масалаларига бағишланиб, унда Японияга меҳнат миграцияси жараёнларини енгиллаштириш, Наманганда япон тили ва касбий малака марказларини ташкил этиш, икки томонлама мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш каби таклифлар муҳокама қилинди.

Умуман олганда, Японияга ташриф доирасида наманганлик тадбиркорлар қатор амалий учрашувлар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришмоқда. “Ideal”, “Fazman”, “D.Maretti”, “Vizzano”, “Saodat Sanoat Servis” каби етакчи тўқимачилик ишлаб чиқарувчи корхоналар Япониянинг “Konaka Co. Ltd” компанияси билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича музокаралар ўтказди.

Учрашувлар давомида япон бозори учун мўлжалланган тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш, сифатни ошириш бўйича Шарқий Осиё стандартларини жорий этиш, логистика ва маркетингда замонавий ёндашувларни татбиқ этиш ҳамда қўшма қиймат занжирини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. “Nammotors” ва “Eco Basalt” корхоналари вакиллари ҳам энергия тежамкор ускуналар, замонавий қурилиш материаллари ва базальт технологиялари бўйича музокаралар олиб борди. Натижада, умумий қиймати 50 миллион долларлик узоқ муддатли экспорт ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Делегация “Tokushukai Medical Group” корпорацияси президенти Хигаши Чиничи билан учрашиб, онкология, кардиохирургия ва юқори технологияли тиббий хизматларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик битими имзолади.

Шунингдек, “Riverfield Inc.” компанияси президенти Котаро Тадано билан музокаралар якунида робот-ассистент хирургияси ва инновацион тиббий ускуналарни Наманган вилоятида жорий этиш бўйича келишувга эришилди.

Ташрифнинг унутилмас расмий тадбирларидан бири – Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Хиросима префектураси губернатори Хидэхико Юзаки ўртасидаги расмий учрашув бўлди. Унда икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий, инвестиция, таълим, туризм ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида, икки ҳудуд раҳбарлари ўзаро алоқаларни институционал даражада мустаҳкамлаш, доимий ишчи гуруҳлар тузиш, шунингдек, тадбиркорлар ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил этиш борасида келишиб олдилар. 

Ташрифнинг эътиборга молик ютуқларидан бири – Япониянинг Хиросима шаҳрида Наманган вилояти ҳокимлиги, “Balcom” компанияси ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ҳамкорлигида ўзбек миллий таомлари ресторани ҳамда Наманган вилоятининг расмий “Савдо уйи” очилиши бўлди. Мазкур муҳим маданий-иқтисодий лойиҳа Ўзбекистоннинг Япония билан савдо, туризм ва маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Янги ресторан япон жамоатчилигига ўзбек миллий ошхонасининг бой ва бетакрор таъмларини танитишни мақсад қилади. Меҳмонларга палов, сомса, шўрва, лағмон, қозон-кабоб ва бошқа анъанавий таомларни ўзининг асл технологиясида тайёрланган ҳолда тақдим этиш режалаштирилган.

“Савдо уйи” эса Наманганда ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, текстиль, ҳунармандчилик ва гастрономия брендлари намойишида муҳим марказ бўлиб, Шарқий Осиё бозорига маҳаллий маҳсулотларни етказиб бериш, янги экспорт йўналишларини йўлга қўйиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш учун доимий платформа вазифасини бажаради. 

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши Наманган вилояти брендини Япония бозорида тарғиб қилиш, туризм оқимини ошириш ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.