Японияда келиб чиқиши номаълум бўлган яна бир шар топилди
Япониянинг Токуносима оролида ғор яқинида айланаси 1,5 метр келадиган яна бир шар топилди.
Февраль ойида ҳам Сидзуока префектурасида Хамамацу шаҳри яқинидаги соҳилда худди шу ҳажмда металл шар топилган эди.
Бу гал шар Кагосима префектураси Токуносима оролидан топилгани айтилмоқда.
Маҳаллий полиция ходимлари объектни кўздан кечириб, у хавфли эмаслигини, портлаш эҳтимоли йўқлигини таъкидлашган.
MBC телеканалининг маълум қилишича, ғор яқинида топилган шарнинг юзаси қарийб тўлиқ занглаган.
Мутахассисларнинг бири шарни уриб кўрганида ичи бўш металлга ўхшаган овоз чиққан. Шарнинг марказида бириктирилган чизиқ кўзга ташланади, бир томонида халқа шаклида ёй бор.
Экспертларнинг таъкидлашича, топилма ўтган ойда Сидзуока префектурасида топилган шарга ўхшаши мумкин.