Япониялик сиёсатшунос ва собиқ дипломат Акио Каватао Newsweek Japan порталида эълон қилган мақоласида Кунчиқар мамлакати ўзининг “ҳудудий масалаларини” ҳал қилиш учун Россия билан Жанубий Курил ороллари ўртасидан ўтувчи сув йўлини ёпиш “имкониятини ҳамда бу ишга тайёрлигини” намойиш қилиши лозим, деган фикрни билдирди.
"Россия ҳукумати ҳудудий муаммоларни ҳал этиш жуда муҳимлигини англаши учун Япония ҳукумати Соя ва Цугару бўғозини тўсиб қўйишга тайёр эканини ва буни бажара олишини намойиш қила билиши керак. Россия мазкур “тўртта шимолий орол” таъминоти учун ушбу сув йўлидан фойдаланади", — деди у.
Шу билан бирга, сиёсатшуноснинг таъкидлашича, “Япония ҳозирча Курил ороллари масаласини ҳал қилишга шошилмаслиги, балки Россия қудрати худди 1990 йилдагидек пасайишини кутиши лозим".
Каватаонинг қўшимча қилишича, бу масалада Токио хотиржам ва совуққон бўлиши, оммавий ахборот воситаларида ортиқча шов-шув кўтармаслиги лозим.
Акио Каватао Япония ташқи ишлар вазирлигида узоқ муддат фаолият кўрсатган дипломат ҳисобланади. У бир неча бор Россияга элчи сифатида юборилган. Айни пайтда сиёсатшунос Токио университети ва Васэда университетида дарс бермоқда.