“Pfizer”нинг бир идиш вакцинаси олти марта укол қилишга етади, аммо олти дозанинг ҳаммаси сўриб олиниши учун махсус шприц керак. Оддий шприцда эса беш марта эмлаш мумкин.
“Reuters” агентлиги Япония вазирлар маҳкамаси котиби Кацунобу Като берган маълумотга таяниб хабар беришича, мамлакат сотиб олган “Pfizer” ва “BioNTech” компанияларига тегишли коронавирусга қарши эмлаш учун мўлжалланган вакциналарнинг муайян қисми яроқсизга чиқди. Бунга сабаб махсус шприц тақчиллигидир, дейилади хабарда.
Ҳукумат тезкор буюртма берган, бажарувчи эса ишлаб чиқаришни кучайтиришга уриняпти.
“Pfizer”нинг бир идиш вакцинаси олти марта укол қилишга етади, аммо олти дозанинг ҳаммаси сўриб олиниши учун махсус шприц керак. Оддий шприцда эса беш марта эмлаш мумкин. Бу Японияда ушбу фармакология компанияси буюртма берган 72 миллион кишига етарли вакцина билан фақат 60 миллион кишини эмлаш мумкин, деганидир.
Катонинг таъкидлашича, препаратнинг фойдаланилмай қолган қисмини ташлаб юборишга тўғри келади.
Умуман, вакцинага алоқадор турли гап-сўз бошқа минтақаларда ҳам ўқтин-ўқтин эшитилиб турибди.
Масалан, Жанубий Африка Республикаси Ҳиндистондаги зардоб тайёрловчи институтга коронавирусга қарши ишлатиладиган миллион доза вакцинани қайтиб олишни сўраб мурожаат қилди. Мазкур вакцина “Astra Zeneca” ва Оксфорд институти томонидан тайёрланган.
“The Economic Times” газетаси ёзишича, вакцинанинг бир партияси ушбу мамлакатга февраль бошида жўнатилган.
Олимлар маҳаллий штаммга қарши курашда “Astra Zeneca” препаратининг самарадорлиги паст эканини маълум қилгач, ЖАР ҳукумати миллион доза вакцинани қайтариб юборишга қарор қилди.