Японияда 24 ёшли йигит кинофильм қаҳрамонига тақлид қилиб 17 кишини пичоқлади
Кёта Хаттори Токио поездида қотилликка уринишда гумонланиб ҳибсга олинди. У “Жокер” фильми қаҳрамонига тақлид қилиб, одамларга пичоқ билан ҳужум қилган.
Полициянинг хабар беришича, воқеа Кэё йўналишида, Когурё бекати яқинида содир бўлган. Айбланувчи тўсатдан 70 ёшли йўловчини пичоқлаган. Жами 17 йўловчи жароҳатланган, улардан 3 нафари оғир аҳволда.
“Тажовузкор ёрқин кийимда – яшил кўйлак, кўк костюм ва бинафшаранг пальто кийиб олган ёвуз қаҳрамонни эслатарди”, – дейди гувоҳлардан бири.
Гумондор полицияга одам ўлдириб, ўлим жазоси олмоқчи эканини айтган.
Маълумот ўрнида, бу Токио поездида 3 ой ичида пичоқ билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир. Август ойида бўлган зўравонлик оқибатида 10 нафар йўловчи пичоқланган эди.