Япония Ташқи ишлар вазирлиги куни кеча Пекинда ўтказилган ҳарбий парадни “глобал бўлиниш рамзи” сифатида баҳолаб, Хитой ва Россия “янги дунё тартибини ўрнатишга ҳаракат қилаётгани”дан хавотир билдирди. Бу ҳақда “Киодо”га кун чиқар юрт ташқи сиёсат идорасидаги бир неча манба маълум қилган.
Агентликнинг бир суҳбатдоши “Хитой ва Россия янги халқаро тартибни бошқаришга ҳаракат қилмоқда”, деди. Яна бир юқори мартабали мулозим бу воқеа бутун дунё бўйлаб беқарор вазият шароитида “глобал бўлиниш рамзи”га айланишидан хавотир билдирган.
Кеча эрталаб Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси Токио Хитойдаги ҳарбий парад атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани, тадбирда кўплаб давлат раҳбарлари, жумладан Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этганини, бироқ бу мамлакатларнинг ниятларига изоҳ бермаслигини айтганди.
Тарихий маълумотларга кўра, бу икки давлат уруши 1931 йил Япония Манжурияга бостириб кириши билан бошланган. 1937 йилдаги кенг кўламли ҳужум туфайли бу ҳарбий ҳаракат охир-оқибат Иккинчи жаҳон урушининг бир қисмига айланиб кетган. Хитой тарихчилари саккиз йиллик фаол ҳарбий амалиёт давомида 35 миллион киши, асосан бегуноҳ аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ёки яраланганини таъкидлайди.
С.Раҳимов, ЎзА