Таълим сифатини ошириш, ўқувчиларда замонавий кўникмаларни шакллантириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш мақсадида Наманган вилоятида Япониянинг таълим модели асосида тажриба-синов ишлари босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида вилоят бўйича 17 та умумтаълим мактаби ва 18 та мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларда Япония таълим тизимининг самарали йўналишлари жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ушбу тажриба татбиқ этилаётган Наманган шаҳридаги 27-сонли умумтаълим мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.


Ташриф давомида элчига билим даргоҳида ўқувчиларда мустақил фикрлаш, юқори интизом, жамоада ишлаш маданияти, меҳнатсеварлик ва масъулият ҳиссини шакллантиришга қаратилган “Кунчиқар мамлакат” таълим тизимига хос айрим илғор йўналишлар тақдим этилди. Қолаверса, дарс жараёнларида ўқувчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш, амалий машғулотлар орқали билимларни мустаҳкамлаш, ўзини-ўзи бошқариш элементларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан бафуржа маълумот берилди.


– Янги ташаббус ўқувчиларда интизом, масъулият ва ижтимоий фаоллик каби муҳим ҳаётий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Келгусида бу тажрибани тизимли тарзда вилоятимиздаги мавжуд 700 дан зиёд мактабларда интеграция қилиш режалаштирилган, – дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.