Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япония таълим компанияси вакиллари билан навбатдаги ҳамкорлик
17:05 / 2026-01-22

Бугунги тезкор замонда ҳар бир соҳа жадал ривожланмоқда. Бу эса мутахассислардан тинимсиз меҳнат ва изланишни талаб этади.

Айниқса, таълим тизимида фаолият кўрсатувчи кишилар бунда фаол бўлмоғи шарт. Негаки, уларнинг малакалари эртанги кун учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам юртимизда таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликлар кенгайтирилиб, ўқитувчилар малакасини оширишга жиддий ёндашилмоқда.

Шу мақсадда Aбдулла Aвлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида Япониянинг етакчи таълим ташкилотларидан бири ҳисобланадиган “Shinkoshuppansha Keirinkan” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Институт ректори Абдували Исмаилов бошчилигидаги масъуллар ва компаниянинг бошқарувчи директори Ҳонма Фумикатсу, мутахассислари Сато Масаичи, Окамура Тошикилар иштирок этган учрашувда бир қанча муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Жумладан, томонлар Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш, малака ошириш курсларининг ўқув-режа ва дастурларини такомиллаштириш, хусусан, математика фанини ўқитишда осон ўргатиш методларини жорий қилиш бўйича фикр алмашди.

Қайд этиш лозимки, ушбу учрашув ҳамкорликларнинг узвий давоми бўлиб, Институт бугунги кунгача Япония давлатининг таълим вакиллари билан "Япон услубидаги академик ютуқлар тест модели"ни жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган.

Таъкидлаш жоизки, бундай ҳамкорликлар мамлакатимиз таълим тизимининг келгуси тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Шербек Исломов, ЎзА