Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япония компаниялари билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
15:07 / 2022-10-19

“Навоийуран” давлат корхонасига Япониянинг “Itochu Corporation” корпорациясининг бош менежери ва “JOGMEC компанияси вакиллари ташриф буюрди.

Дастлаб меҳмонлар “Зафаробод” кон бошқармаси 2-Геотехнологик конида бўлиб, “Жанубий Букинай” майдонидаги 13-локал сорбцион қурилмаларнинг технологик жараёнлари, кислород ва сульфат кислотаси ёрдамида уранни ер остидан қазиб олиш технологияси, маҳсулдор эритмаларни қайта ишлаш участкаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Япониялик ҳамкорлар ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этилган бу каби технологик ечимларга юқори баҳо берди.

Шундан сўнг меҳмонлар Навоий шаҳрида жойлашган заводда бўлди. Ишлаб чиқарилаётган табиий уран сифати юқорилиги ва ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Бу ерда меҳмонлар бевосита табиий уран оксидини куйдириш орқали рудадан ажратиб олишдан то маҳсулотни экспортга тайёрлашгача бўлган узлуксиз жараёнларга гувоҳ бўлди.

Ўзаро мулоқотлар давомида “Навоийуран” ДК ва “Itochu Corporation” ўртасида уран концентратларини етказиб бериш бўйича олди-сотди шартномаларни кўриб чиқиш, шунингдек, уранни ер остида ишқорлаш усулида қазиб олиш технологияси бўйича тажриба алмашиш ва мустаҳкам ҳамкорликни давом эттириш бўйича масалалар муҳокама этилди.

Ҳозирда “Itochu Corporation”, JOGMEC ва Давлат геология қўмитаси ўртасида тузилган меморандумга асосан “Мешети”, “Қумтепа" ("Жасага") ва “Оқберди” майдонларида геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Кейинчалик бу ерларда тажриба-саноат ишлари олиб борилади ва уран қазиб олиш йўлга қўйилади.

Учрашувда келгусида ушбу учлик иштирокида қўшма корхона ташкил этиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, “Навоийуран” ДК раҳбарияти томонидан кунчиқар юртга хизмат сафари уюштириш, Япониядаги уранни бойитиш заводлари тажрибасини ўрганиш, бу борадаги илғор ва замонавий техник-технологик ечимларни ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, учрашувда рений маҳсулотининг бозорини кенгайтириш ва янги мижозлар излаб топиш бўйича ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

А.Бўриев, ЎзА