English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг инвестиция портфели кўриб чиқилди
20:23 / 2020-03-10

Шунингдек, тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари иштирок этди.


Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти вазир С.Умурзаков бошчилигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари билан биргаликда ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари томонидан тақдим этилган инвестиция лойиҳалари портфелини кўриб чиқишди.

Шунингдек, тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари иштирок этди.

Муҳокама доирасида JICA нинг кредит ва грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.

Вазирлик раҳбарияти ушбу лойиҳаларни амалга оширишда ажратилган маблағларни ўзлаштиришда кечикиш ва белгиланган муддатларни бузиш хавфини бартараф этадиган принципиал жиҳатдан янги ёндашувни шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Лойиҳаларни амалга оширишни батафсил таҳлил қилиш орқали мавжуд муаммолар аниқланди ва уларни ҳал қилиш йўллари биргаликда аниқлаб олинди.

Ҳозирги вақтда япониялик шерикларнинг портфелида энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, кадрлар тайёрлаш, транспорт сектори ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича қатор стратегик лойиҳалар мавжуд. Ҳамкорлик ривожланишидаги ижобий динамикани ва келгусидаги шериклик истиқболларини инобатга олган ҳолда, томонлар янги устувор тармоқларни қамраб оладиган Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ошириш ва уларни диверсификация қилиш имкониятларини кўриб чиқишди.

Энергетика соҳасида кенг кўламли лойиҳаларни қуриш, боғдорчиликни ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича аниқ лойиҳавий таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунида ташкилотлар ва идоралар иштирокида лойиҳаларнинг доимий мониторингини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

JICA билан инвестиция, молиявий ва техникавий ҳамкорликнинг умумий ҳажми 4 млрд. доллардан ошиқроқ. Бундан ташқари 1993 йилдан бери Ўзбекистонда беғараз ёрдам (грантлар) орқали умумий қиймати 230 млн. доллар бўлган 80 га яқин лойиҳалар амалга оширилган.