Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япония ислоҳотлари тарихидан
13:39 / 2019-12-18

Сўнгги йилларда Шарқий Осиё иқтисодий мўъжизалари тўғрисида кўплаб мақолалар ёзилмоқда, илмий доира вакилларининг тадқиқотлари олиб борилмоқда.


Сўнгги йилларда Шарқий Осиё иқтисодий мўъжизалари тўғрисида кўплаб мақолалар ёзилмоқда, илмий доира вакилларининг тадқиқотлари олиб борилмоқда. Хусусан, Ғарб олими Жеймс Фаллоус “Янги Шарқий Осиё иқтисодий ва сиёсий тизими”нинг вужудга келиши ҳақида ёзса, Роберт Уэйд “дунё модели ҳақида бизнинг одатий тушунчамизга сиғмаган феномен кузатилгани”ни қайд этади. Экспертларнинг таъкидлашича, Осиё иқтисодий стратегияси ҳукумат интервенцияси (кўринувчи қўл) ва бозор кучлари (кўринмас қўл) комбинациясини уйғунликда ушлаган. Шу ўринда Ғарбдан фарқли ўлароқ, Япония жамиятида ишлаб чиқилган ижтимоий сафарбарлик дастурини жонли, қизиқарли мисол сифатида ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

уруш йиллари дейилган жойга.jpg

Японияда сўнгги юз йилдан ортиқ вақт давомида жамият ҳаётининг барча соҳаларида иқтисодиёт, сиёсат, илм-фан ва маданиятнинг модернизацияси ва байналмилаллашуви билан боғлиқ объектив тарихий тенденцияни акс эттирувчи чуқур глобаллашув жараёни кечмоқда. Натижада анъанавий унсурлар ва ғарбий инновацияларни ўзида бирлаштирган янги мамлакат қиёфаси шаклланмоқда. Бу жараёнга эса Мэйдзи (Мэйдзи исин) реставрацияси (1868) асос солди ҳамда икки юз йиллик яккаланиб қолишдан кейин Ғарб мамлакатлари билан фаол мулоқотлар бошланди.

Японларнинг янгиланиш ва юксалиш характерига аҳолининг юқори даражада мослашиш қобилияти, яъни унинг бошқа цивилизациялар, биринчи навбатда, Ҳиндистон ва Хитой цивилизациялари элементларини яхши ўзлаштиргани, уларни ўз миллий қадриятларининг таркибий қисмига айлантиргани катта таъсир кўрсатди.

ишчилари.jpg

Муаммоларни келишув йўли билан ҳал қилиш Япония учун ўзига хос ҳодиса бўлиб, бу ерда одатда бузғунчилик ва яратувчанлик ғояси ўртасида олтин меъёр танланади. Бундай ёндашув японларнинг оламни идрок этишдаги муҳим тамойиллардан бири бўлган уйғунлаштириш тушунчасига асосланади. Мэйдзи “қайта тиклашидан” мақсад консерватив кучлар ва янгиланиш тарафдорлари ўртасида келишув эди. Ҳокимиятга олиб келинган савдо-саноат капитали вакилларининг каттагина қисми янги давр талабларига мослашиш учун анча тайёр эди.

Япон прагматизми эса анъанавий қадриятларни бой бермасдан, эҳтимолий ҳалокатларни четлаб ўтган ҳолда зарур янгиликларни қабул қилиш имкониятини берди.

“Япон тажрибаси шундан далолат берадики, бирорта маданият тақлид учун универсал намуна бўла олмайди, шундай бўлса-да, ҳеч бир маданият мутлақо мустақил ривожлана олмайди”, – деган эди олим Ю.Мисима. 

1-расм.jpg 

Бироқ Ғарб қарашларини қабул қилиш “Япон руҳияти – Ғарб техникаси” (вакон - ёсай) формуласи курашлари остида кечди. Вакон – анъанавий маданият, яъни японларнинг маънавий қадриятлари билан боғлиқ ҳолда дунёни идрок этиш, Ёсай – универсал Европа цивилизацияси маъносини билдирар эди. Ҳукумат ғарбий илм-фан, техника ютуқларини ўзлаштириш баробарида мустақиллик ҳамда имтиёзларни сақлаб қолишга интилди. Лекин Европа ютуқларини ўзлаштириш ортида мавжуд тизимнинг емирилиш эҳтимоли ётарди. Шу боис “варварларнинг энг зўр техникасини ўрганиб, унинг ёрдамида варварларни қувиб чиқариш” шиори ўртага ташланди.

Мэйдзи қайта тиклашининг хусусияти шундаки, у ҳукумат тепасига сиёсий заиф буржуазияни эмас, балки катта мулкдорларни бошлаб келди, бу эса мамлакат ривожини белгилаб берди. Модернизация миллат “устунлари” орқали, юқоридан амалга оширилар экан, уни рўёбга чиқаришда давлатнинг ўрни беқиёс бўлиб, у мамлакатнинг иқтисодий ўсиши учун қудратли устунга асос солди.

Япон олими С.Ямамото Япониянинг ривожида С.Судзуки (1579 – 1655 йй.) ва Б. Исиданинг (1685 – 1744 йй.) алоҳида хизматларини юқори баҳолайди. Собиқ самурай, ҳукумат амалдори Судзуки савдогарга ишончнинг биринчи шарти унинг букилмас инсофга бўлган ишончида, деб биларди. Агар савдогар фақат даромад олиш мақсадида тижорат билан шуғулланса, у муваффақият қозонмайди, фаолиятини харидор ва давлат эҳтиёжидан келиб чиқиб амалга оширмас экан, иқбол унга кулиб боқмайди. Олим меҳнатни сабр-тоқат, қаноатга тенглаштиради. Бошқача айтганда, у меҳнатни ҳақиқий иймон ва эътиқод йўли, деб ҳисоблайди.

Япон.jpg   

Оддий ходимликдан файласуф ва иқтисодчи сифатидаги фаолиятгача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтган Б.Исида С.Судзукининг издоши эди. У ўз аждодининг

қарашларини Японияда ҳозирги кунга қадар ҳукмронлик қилувчи иқтисодий фалсафа даражасигача кўтара олди. Б.Исида фалсафаси С.Судзуки таълимотига қараганда кўпроқ прагматик характерга эга. Исиданинг таъкидлашича, инсон ўз хулқ-атвори ва ўзи риоя қилган ахлоқий нормалар учун масъулдир. Унинг табиати ҳаётда йўлбошчиси бўлмоғи лозим, яъни у виждонли, вазмин ва тартибли бўлсагина, руҳий мақоми юксалиш ҳолатига кўчади.

Ҳозирги замон япон бошқарув услуби “катталик” тамойилига асосланган. Қадимда чакана ва улгуржи савдо билан шуғулланувчилар томонидан ишга ёлланган ходимлар маълум ижтимоий гуруҳларга бўлинган. Ҳар бир компания жамоавий бўлинма орқали бошқариларди. Шунда бош идоранинг кўрсатмасига эҳтиёж қолмас, ҳар бир бўлинма масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, мукофотни тақсимлашда бир оиладек иш кўрарди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳозирги кунда ҳам япон фирмаларида бошқарувчи катта ўрин тутмайди. Икки томонлама меҳнат битимини имзолаш ҳозирда ҳам камдан-кам учрайди, ва бунинг учун бир оғиз сўзнинг ўзи кифоя қилади.

Исида этикасига кўра, иш ёки тижорий фаолият сиёсат билан боғланмаслиги лозим. Ҳозирги замон япон бизнесменларининг сиёсат билан шуғулланишга истакларининг йўқлиги ҳам айнан 260 йил аввал яратилган Исида фалсафасидан келиб чиқади. Судзуки ва Исида яратган мазкур концепция ҳозирги замон япон тадбиркорларининг руҳиятини тушунишда қўл келади. Аксар ишчилар фақат даромад кетидан қувиш компанияни мағлубиятга учратишига ишонади. Асосий мақсади имкон даражасида кўп фойда олиш бўлган ёндашув япон миллий характерига зиддир.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бошқарув тизими ва иқтисодий йўл ўзгарди. “Жапан Инкорпорейтид” – давлат, бизнес, касаба уюшмасига ўхшаган миллий корпорациялар япон рақобатбардошлигига кучли замин ҳозирлади. Японлар ижобий маънодаги тақлидчи сифатида Ғарб ихтироси ва янгиликларини саноатга осонликча қўллашга ўтди. Давлат протекционизми кучайтирилди. 1945 йилги урушдаги мағлубият одамларни янада жипслашишга ундади. Мамлакат босқинлар, фуқаролар уруши, зилзила, ёнғин, тўфонлар, оролда дунёдан ажралиб яшаш, бомбардимон, энергетик инқирозни бошидан ўтказди. Халқ ҳар қандай вазиятда иродаси букилмаслигини намоён қилди. Урушдаги мағлубиятдан кейин мамлакат тезда оёққа турди. Бунда Судзуки, Исида фалсафаси ҳамда замонавий менежерлик фалсафаси, шубҳасиз, муҳим роль ўйнади. 

Япон мўъжизаси.jpg 

Исида этикасига кўра, ишчилар ва тадбиркорлар сиёсатдан узоқда юриб, давлатнинг сиёсий ишларига аралашмайди. Корхоналарда консенсус тушунчаси етакчилик қилди. В.Ерёмин “Япония тарихи” китобида ёзганидек, “Ўз самарадорлигини исботлаган бу концепция япон менежментининг барча жабҳалари учун асос бўлиб хизмат қилади”.

Мамлакатнинг бошқарув тизими ва иқтисодиёти XX асрнинг 50-60-йилларида янада такомиллашиб борди. Жумладан, давлат, бизнес тузилма ва касаба уюшмаларининг ўзаро муносабати юқори поғонага кўтарилди. “Жапан Инкорпорейтид” каби миллий корпорациялар сони кўпайди, японлар Ғарб ихтироларини ўз саноатида қўллай бошлади, давлат протекционизми кучайди. Айниқса, АҚШандозаси асосида ишловчи “аниқ ва ўз вақтида” тезкор усули йирик заводларга шон-шуҳрат келтира бошлади.Ҳозирги кунда ушбу иқтисодий ёндашув мамлакатимиздаги Асака автомобиль заводида ҳам кенг қўлланилмоқда. Бу технологик усулнинг хусусияти шундаки, маҳсулотни конвейердан чиққунгача бўлган барча жараёнларни бош муҳандис, цех бошлиғи ёки уста эмас, балки ишчининг ўзи бехато бажаради!

Юқоридаги сабабларга кўра, Япония 2000 йилларга келиб, иқтисодиётда Европа мамлакатларини ортда қолдириб, айрим тармоқларда АҚШ билан рақобатлаша оладиган давлатга айланди. Мамлакатнинг чет эллардаги капитал қўйилмаси 1 триллион доллардан зиёдни ташкил қилади. Бугунги кунда жаҳоннинг 100 та энг йирик банкидан 29 таси японларга тегишли. Америкаликлар эса 9 тасига эгалик қилади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Япония модернизацияси, ислоҳотлари устунлиги нимада?

Илмий таҳлиллар асосида айтиш мумкинки, ушбу давлатда меҳнат унумдорлиги ўсишининг бош манбаси – таълимга бўлган эътибор кучли, япон халқи ўзгарувчан, қийин шароитларга тез мослашишга ҳаракат қилади, аниқ мақсадга эришиш йўлида қатъий иродани

намойиш эта олади. Фойда олишдан кўра маҳсулот, хизмат сифати ва самарадорлик тушунчаси устун туради.

Бир сўз билан айтганда, япон халқи руҳияти негизига қурилган маданият, сиёсат ва иқтисодиёт “мўъжизалари”, унинг ўзига хос такрорланмас жиҳатлари АҚШ ва Европа ишбилармонлари учун ҳамон сирлилигича қолмоқда.

Бахтиёр ОМОН, сиёсий фанлари номзоди