Япония Мудофаа вазирлиги Хитойнинг ҳарбий ҳаракатлари кескин кучайганини танқид қилиб, бу ҳолатни мамлакат хавфсизлиги учун энг йирик стратегик таҳдид сифатида баҳолади. Бугун вазирлик бу ҳақдаги ҳарбий ҳисоботини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этди.
“Politico” нашрига кўра, ХХРнинг Тинч океани ва Япониянинг жануби-ғарбидаги фаолияти, Россия билан биргаликдаги ҳарбий машғулотлари, шунингдек, Тайвань атрофидаги кескинлик ва Шимолий Корея минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Хусусан, Хитой кемалари Японияга яқин ҳудудларда анча фаоллашган. Расмий Токио Тайвань атрофида можаролар кучайишидан хавотирланиб, жанубий оролларда ҳарбий салоҳиятини оширмоқда. Шу муносабат билан узоқ масофали ракеталарни жойлаштириш ва қўшимча синовлар ўтказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳисоботда Шимолий Корея томонидан ҳаво ракеталари ишлаб чиқилиши бевосита ва жиддий таҳдид сифатида кўрсатилган. РФнинг Японияга яқин ҳудудларда давом этаётган ҳарбий фаоллиги ҳам хавотирли омиллардан бири сифатида тилга олинган.
Мусулмон Зиё, ЎзА