Япония бу нафақат технология ёки туризм ривожланган ўлка, балки тарихий анъаналар, меҳмондўстлик ва маънавий қадриятлар уйғунлашган бетакрор маданиятга эга мамлакатдир. У ерда қадимий урф-одатлар замонавий ҳаёт билан бирга яшайди, инсонга ҳурмат ва тартиб-интизом эса жамиятнинг асосий тамойили ҳисобланади. Кунчиқар юрт ҳақида эшитганимиз кўп, аммо у нимаси билан дунё аҳлини ўзига маҳлиё этаётганини қуйидаги фактлар орқали кўриб чиқамиз.

Нега айнан “Қуёш юрти”?
Японияликлар ўз мамлакати номини “Ниппон” деб атайди, бу “кунчиқар юрт” деган маънони англатади. Бу ном ўлканинг географияси ва халқининг дунёқараши билан чамбарчас боғлиқ. Қолаверса, бу қараш япон миллатининг табиатга бўлган ҳурматини ҳам акс эттиради.

Юқори технологиялар ва сифатли хизмат кўрсатиш
Япония янги технологияларни фақатгина ишлаб чиқармай, балки уни кундалик ҳаётга ҳам татбиқ этади. Масалан, мамлакат бўйлаб 5 миллиондан ортиқ “vending machines” (автомат машиналар) мавжуд бўлиб, унда ичимлик, китоблар, ҳатто иссиқ таомлар ҳам сотилади. Бу японларнинг қулайликка бўлган юқори талабини акс эттиради.

Шибуя чорраҳаси
Токиодаги Шибуя чоррахаси дунёдаги энг тирбанд йўллардан бири ҳисобланиб, бир вақтнинг ўзида 3 000 нафар одам ҳаракат қилиши мумкин. Бу замонавий Япония ҳаётининг энергияси ва динамикасини кўрсатади.

Транспорт тизими
Маълумки, Япония транспорт тизими бутун дунёда машҳур. Хусусан,“Shinkansen” авто тизими манзилдан манзилга боришни нафақат тез, балки юқори аниқликда амалга ошириш воситаси ҳисобланади. У ҳаракат графигида ҳатто дақиқалар доирасида ҳам хатога йўл қўймайди.

Миллионлаб меҳмонларнинг ташрифи
Сўнгги икки йилда ушбу юртга саёҳат қилувчилар сони сезиларли даражада ошди. Статистикага кўра, ўтган йилниг ўзида мамлакатга 36 миллиондан зиёд турист ташриф буюрган. Ҳукумат 2030 йилгача 60 миллион туристни қабул қилишни мақсад қилган. Бу мамлакатнинг маданий ва табиий жозибадорлиги дунё миқёсида қанчалар қизиқиш уйғотганидан далолат беради.

Тозалик ва хавфсизлик
Биламизки, Япония дунёдаги энг тоза ва хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади. У ерда жамоат жойлари, шаҳар кўчалари ва уловлар ҳар доим тоза сақланади. Бу нафақат техник жиҳатдан, балки жамоатчилик маданияти ва инсонлар ўртасидаги ҳурматнинг ифодасидир. 2022 йил Қатарда ўтказилган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида япон футболчилари ва мухлислари тозаликка амал қилишнинг ёрқин намунасини бутун дунёга кўрсатиб қўйишди. Германия қарши учрашувдан сўнг япониялик футболчилар кийиниш хонасини тозалаб, 11 та қуш шаклидаги оригами ясаб кетишган. Оригами санъати японлар маданиятининг бир қисми, тарихда ҳатто самурайлар оригами шаклларини ясай олиши шарт ҳисобланган. Мухлислар эса ҳар доим ўзларининг озодаликни қадрлаши, меҳмон бўлиб борган жойини ҳурмат қилиши билан барчани ҳайратда қолдириб келади.

Ўртача умр кўриш бўйича дунёда етакчилардан
Японлар жаҳондаги энг узоқ яшайдиган халқлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ўртача умр кўриш ва ҳаёт сифати юқори бўлиб, бу ҳолат соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ.

Ўзбекистонликларнинг Японияга қизиқиши ортмоқда
Эътиборли жиҳати, ватандошларимиз орасида Японияга қизиқиш ошиб бормоқда. 2025 йилнинг январь‑июль ойларида 1 700 дан ортиқ ҳамюртимиз Японияга сафар қилган. Бу ўтган даврга нисбатан сезиларли ўсиш ҳисобланади.

Ўзаро маданий алоқалар
Япониялик олимлар ва тадқиқотчилар Ўзбекистон маданий меросини ва илмий салоҳиятини юқори баҳолайдилар. Бунга мисол тариқасида яқинда Токиода “Ўзбекистон ва Япония – Буюк Ипак йўлида” мавзусида ҳамкорликда ўтказилган халқаро конференцияни келтириш мумкин.
Д.Ҳакимов тайёрлади,
ЎзА