Япония Бош вазири Фумио Кисида парламент қуйи палатаси йиғилишидаги асосий нутқида ҳукмрон Либерал-демократик партия раиси лавозимидаги муддати тугагунга қадар мамлакат конституциясига тузатиш киритиш ниятидан ҳамон қайтмаганини билдирди.
“РИА Новости” ёзишича, ЛДП мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш, яъни мамлакатга ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари зарурлигини тасдиқлатиш тарафдори. Мухолифат фикрича, бу мақсад конституциянинг “Тинчлик” аталмиш тўққизинчи моддасига зид. Зеро, Япония армияга эгалик қилиш ва халқаро можароларни ҳал қилиш воситаси сифатида урушдан воз кечган.
Ўзгариш тарафдорлари бу лойиҳа фақат ҳуқуқий мақомга эга бўлиш ва ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари мавжудлигини тан олиш тўғрисида эканини таъкидламоқда. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат даврида ҳукумат ваколатини кенгайтириш имконияти, ўрта мактабда бепул таълим жорий этиш ва бошқа турли ўзгаришларни назарда тутувчи лойиҳалар ҳам муҳокама қилиняпти.
Қонунга кўра, мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш учун муайян таклифни парламент аъзоларининг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши лозим. Шундан сўнг ўзгариш умумхалқ овозига қўйилади.