Япония бош вазири Сигэру Исиба июль ойидаёқ истеъфога чиқиши мумкин. Бу ҳақда “Yomiuri” газетаси хабар бермоқда. Бош вазирнинг қарори Либерал-демократик партияси (ЛДП) парламентюқори палатаси сайловларида муваффақиятсизликка учрагани билан боғлиқ.
Аввалроқ, ўлканинг қатор нашрлари бош вазирнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида ёзиб чиққанди. “Kyodo” ахборот агентлиги ЛДПнинг юқори мартабали амалдорларига таяниб, истеъфони муқаррар деб атади ва бош вазир ўз келажаги бўйича якуний қарорни август ойида қабул қилишини таъкидлади.
Жорий йил 20 июль куни бўлиб ўтган сайловларда ЛДП ва “Комэйто” партиясидан иборат ҳукмрон блок парламент юқори палатасида кўпчилик ўринларни йўқотди. Бу Исиба учун кетма-кет иккинчи йирик сайлов мағлубияти – ўтган йилнинг кузида ҳукмрон коалиция парламентнинг асосий қуйи палатасида кўпчилик ўринларни йўқотганди. Шундан сўнг, Исибанинг истеъфоси ҳақидаги чақириқлар тобора авж ола бошлади.
2024 йилнинг кузида парламент қуйи палатасидаги муваффақиятсизликдан сўнг ЛДП ва “Комэйто” мухолифат сафидаги келишмовчиликлардан фойдаланиб, ўз доирасини кенгайтиришга муваффақ бўлганди. Агар июль ойида Исиба истеъфога чиқса, у ҳолда янги ҳукумат раҳбарлиги учун сайлов парламентнинг август ойига белгиланган навбатдан ташқари сессиясида бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан, бош вазир мухолифат партиялари билан маслаҳатлашувлар учун вақт ажратиш мақсадида кейинроқ истеъфога чиқиш ҳақида баёнот бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Қизиқ жиҳати, сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг Исиба Вазирлар Маҳкамаси раиси сифатида фаолиятини давом эттириш ниятида эканини айтди. Шунингдек, у баъзи япон матбуотида ўзининг тез орада истеъфога чиқишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
М.Пирматова, ЎзА