English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Япония билан инвестициявий ҳамкорлик суръати юқори
11:49 / 2022-04-30

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси билан учрашди.

Мулоқотда сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-техник, маданий-гуманитар соҳалардаги мулоқотни фаоллаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Барқарор ва узоқ муддатли хусусияти билан ажралиб турадиган Ўзбекистон - Япония ҳамкорлиги йилдан-йилга кенгайиб бораётгани таъкидланди. Икки давлат ўртасидаги муносабат ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқ, бир-бири манфаатини ҳисобга олиш ва қўллаб-қувватлашнинг ўзгармас тамойиллари асосида қурилган ва ривожланиб бормоқда.

Томонлар сўнгги 5 йил ичида энергетика, кимё саноати, автомобилсозлик, таълим ва меҳмонхона бизнеси соҳаларидаги инвестициявий ҳамкорлик сезиларли даражада ўсганини қайд этдилар. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда алоҳида фаоллик кузатилмоқда. Ҳамкор томон мева-сабзавотчилик, чорвачиликни ривожлантириш, чекка ҳудудлар, қишлоқларда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Япон компанияларини соғлиқни сақлаш соҳасида шерикликка жалб этиш чора-тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат ҳам энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатни жадаллаштиришга содиқлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, томонлар атмосферага углерод чиқиндиси чиқарилишини камайтириш, “яшил” технологияларни жорий этишга қаратилган навбатдаги тадбирларни кўриб чиқди. Бу Ўзбекистоннинг Париж иқлим шартномасига мувофиқ иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш бўйича олган мажбуриятига мос келади.

Ўзбекистон давлат муассасалари учун таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, айни йўналишда янги дастурлар амалга ошириш бўйича режалар белгиланди. JDS (“Инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича стипендия дастури”) дастурида иштирок этаётган Япония университетлари рўйхатини кенгайтириш, шунингдек, ўзбекистонлик талабалар учун ушбу дастурда иштирок этиш квоталарини ошириш режалари маълум қилинди. JDS  - Япония ҳукуматининг давлат идоралари ва тузилмалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган грант лойиҳаси ҳисобланади.

Учрашув якунида ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан аниқ ечимлар ишлаб чиқилиб, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

ЎзА