Австралия - Япония ҳамкорлиги икки давлатнинг стратегик ва иқтисодий манфаати учун асос ҳисобланади. Ўзаро муносабат демократия, инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигига асосланган.
Бу мамлакатлар чуқур ва узоқ муддатли савдо ҳамда сармоявий алоқа ўрнатган. Қолаверса, минтақавий ва глобал савдо қоидаларини ишлаб чиқишда яқин ҳамкорлик қилиб келади.
Япония ва Австралия умумий стратегик манфаатга эга, яъни Қўшма Штатлар билан иттифоқчи ҳисобланади. Икки давлат иқтисоди бир-бирини тўлдиради.
Австралия ва Япония G20, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги, Шарқий Осиё саммити, АСЕАН минтақавий форуми ва турли кичик тузилмалар, жумладан, QUAD (АҚШ ва Ҳиндистон билан), Уч томонлама стратегик мулоқот (АҚШ билан) доирасида шерик. Шунингдек, мудофаа соҳасидаги икки томонлама мустаҳкам алоқа, жумладан, комплекс қўшма машғулот, кадрлар алмашинуви ва илмий-техникавий ҳамкорлик шаклида ривожланмоқда.
1957 йил Роберт Мензиес Японияга ташриф буюрган биринчи Австралия бош вазирига айланди ва унинг ўша пайтдаги ҳамкасби Киши Нобусуке Австралияга ташриф буюрган урушдан кейинги биринчи Япония бош вазири бўлди. Шундан буён раҳбарлар, вазирлар ва юқори мартабали амалдорлар бир-бири билан мунтазам мулоқот олиб бориб, ўзаро ташрифларни амалга ошириб келмоқда. 2014 йил Канберра ва Токио “Махсус стратегик шериклик” доирасида етакчиларнинг ҳар йилги ташрифини ўтказиш мажбуриятини олди.
Анъанага содиқ қолган Моррисон ва Кисида 2021 йил ноябрь ойида Глазгода бўлиб ўтган “COP26” учрашувида муносабатни янада яхшилаш, иқлим ўзгаришига қарши туриш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш каби масалалар бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди.
Икки томонлама муносабат тарихи
Япония ва Австралия муносабатига 1800-йиллар охирида, Япония Австралиядан кўмир ва жун импорт қила бошлаганда асос солинган. Тахминан бир вақтда япон муҳожирлари Австралияга қишлоқ хўжалиги ва денгиз саноатида ишлаш учун келган.
1952 йил, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Австралия ва Япония муносабати қайта тикланди. 1957 йил “Савдо шартномаси” кучга кирди, 1976 йил эса “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги асосий шартнома (Нара шартномаси) доирасида маданий алоқа чуқурлаша бошлади.
Икки томонлама муносабат тўлиқ диверсификацияланган ва кенг қамров касб этган шерикликка айланди. Жумладан, 2007 йилдаги “Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги қўшма декларация ва 2015 йилдаги “Япония - Австралия иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисида”ги битим туфайли ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб, мустаҳкамланиб борди.
Бугунги кунда Япония Австралиянинг Осиёдаги энг яқин ҳамкори ҳисобланади.
Махсус стратегик ҳамкорлик
Австралия ва Япония ўзаро кенг қамровли хавфсизлик муносабатига эга. Токио Канберрани ўзининг Вашингтондан кейинги хавфсизлик бўйича энг муҳим ҳамкори, дея таърифлайди. Австралия ва Япония Қўшма Штатлар билан икки ҳамда уч томонлама яқин стратегик мулоқот ўрнатган. Шунингдек, Ҳиндистон билан “QUAD” орқали ҳамкорлик қилади.
Икки мамлакат бош вазирлари ҳар йили ўтказиладиган ўзаро лидерлар саммитида мунтазам иштирок этади. Қолаверса, Австралия ва Япония доимий равишда қўшма мудофаа машғулотида қатнашади, Корея Халқ Демократик Республикасининг ядро синови ўтказиш ҳамда баллистик ракета учириш каби минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ амалиёти бўйича тез-тез маслаҳатлашиб туради.
“Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги қўшма декларация Австралия ва Япония ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш, чегара, денгиз ҳамда авиация хавфсизлигини таъминлаш, терроризмга қарши кураш, қуролсизланиш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олишни ўз ичига олган кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилди.
Шу пайтга қадар Канберра ва Токио Ироқ, Шарқий Тимор ва Покистонда муҳим мудофаа операцияларида яқин ҳамкорлик қилган.
Бундан ташқари Австралия ва Япония ядровий қуролларни тарқатмаслик ва қуролсизланиш соҳасида шерик ҳисобланади, Ҳинд-Тинч океани минтақасини барқарор ва фаровон сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилиб келади.
Иқтисодий шериклик
Австралия ва Япония иқтисодий муносабати бир-бирини тўлдирадиган эҳтиёжга асосланган. Австралия озиқ-овқат, энергия ва минералларни хавфсиз ва ишончли етказиб берувчи ҳамда молиявий хизмат учун жаҳон миқёсидаги марказ. Япония 1970-йиллар бошида Австралиянинг энг йирик савдо шеригига айланди ва бу мавқени 52 йилдан буён сақлаб келмоқда.
Икки давлат 2021 йил июль ойида учинчи “Иқтисодий вазирлар мулоқоти”ни ўтказди. Мазкур учрашув мудофаа ва хавфсизлик бўйича юқори даражадаги ҳамкорлик ҳамда энергия, водород ва муҳим минераллар каби янги соҳаларда мустаҳкам, жумладан, ривожланаётган савдо, сармоявий муносабатни қўллаб-қувватлади.
2019 йил июнь ойида “Энергетика ва фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум имзолангандан сўнг Австралия ва Япония 2020 йил январь ойида “Водород ва ёқилғи хужайралари бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги, 2021 йил июнь ойида эса технологияга асосланган “Декарбонизация бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги қўшма декларацияларни имзолади.
Савдо алоқалари
2021 йилга келиб Япония Австралиянинг товар ва хизматлар икки томонлама савдоси бўйича учинчи (66,3 миллиард Австралия доллари) йирик савдо ҳамкорига, йирик экспорт бозори бўйича иккинчи (46,4 миллиард) шеригига, хорижий инвестиция бўйича иккинчи (131 миллиард) йирик манбасига айланди.
2021 йил якунига кўра, Австралиянинг Японияга экспорт қилинадиган асосий товарлари орасида табиий газ (14,2 миллиард АҚШ доллари), кўмир (11,7 миллиард), темир рудаси ва аралашмаси (6,6 миллиард), алюминий (0,8 миллиард Австралиялик доллари), мол гўшти (2,2 миллиард), мис рудаси ва аралашмалар (1,1 миллиард) мавжуд.
Ўтган йил Япония 19,9 миллиард Австралия доллари билан ушбу мамлакатнинг учинчи йирик товар ва хизмат импортчиси бўлди. Бунда енгил автомобиллар савдоси 8 миллиард, юк машиналари сотуви 1,8 миллиард, қайта ишланган нефть 1,1 миллиард, транспорт хизмати 0,9 миллиард, қурилиш техникаси ва эҳтиёт қисмлар 0,8 миллиард ва саёҳат 0,8 миллиард Австралия долларини ташкил этди.
2021 йилда, асосан, дам олиш, транспорт ва таълим соҳаларида жами икки томонлама хизмат 3.5 миллиард Австралия долларига баҳоланди. Хизмат экспорти 1.4 миллиард, импорти эса 2.1 миллиардга тенг бўлди.
2015 йил 15 январда кучга кирган “Япония - Австралия иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида”ги битим австралиялик экспортчиларга товар ва хизмат бозорига киришни сезиларли даражада осонлаштирди.
Инвестиция
Австралия ва Япония ўртасидаги сармоянинг умумий миқдори сезиларли даражада юқори. Яъни, 265 миллиард доллар билан Канберрада тўртинчи йирик инвестор бўлган Япония 2021 йил сўнгида иккинчи йирик тўғридан-тўғри хорижий инвесторга айланди. Бу жами тўғридан-тўғри хорижий инвестициянинг 12,8 фоизи, дегани.
Япония сармояси Австралиянинг ўсишига туртки бўлган кўплаб экспорт тармоқларини, жумладан, Япониянинг кўмир ва темир рудаси каби ресурсларга бўлган талабини қондиришга қаратилган йирик лойиҳаларни ривожлантиришда муҳим рол ўйнади. Шунингдек, Ғарбий Австралия қирғоқларидан 220 километр масофада жойлашган ҳудудда 34 миллиардлик Япония сармояси суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни тез суръатда кенгайтириш имконини берди.
Япония сармояси анъанавий табиий ресурслардан ташқари қайта тикланадиган энергия, молиявий хизмат, инфратизим, ахборот ва коммуникация технологиялари, кўчмас мулк, озиқ-овқат, агробизнес йўналишларга ҳам кўча бошлади.
Хуллас, икки мамлакат муносабати анча яхши. Япония Австралиянинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳамда капитал қўйилмалар манбаси ҳисобланади.
Охирги пайтда алоқалар иқтисодиёт ва тижоратдан ташқари бошқа соҳалар, жумладан, маданият, туризм, мудофаа ва илмий ҳамкорлик ҳисобига ҳам кенгаймоқда.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
Улуғбек Маҳмирзаев,
ЎзА