Глобал рақобат шароитида давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик фақат капитал оқими ёки савдо ҳажмлари билан эмас, балки инсон капитали сифатини ошириш, экологик барқарор ривожланиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш даражаси билан ҳам баҳоланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Япония тажрибасининг Ўзбекистон ислоҳотлари билан уйғунлашуви икки томонлама муносабатларнинг мазмунан чуқурлашаётганини кўрсатади.
ЎзА мухбири Ўзбекистон – Япония муносабатларида сўнгги йилларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар, икки томонлама муносабатларнинг янги босқичи ҳамда амалий ҳамкорлик натижалари хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети илмий тадқиқотчиси Дурдона Тошбоева билан қисқа суҳбат уюштирди.
– Япония тажрибаси Ўзбекистонда инсон капитали ривожига қандай ижобий таъсир кўрсатмоқда?
– Аввало айтиш керакки, Ўзбекистон – Япония ҳамкорлиги инсон капитали ривожига узоқ муддатли ва тизимли ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, таълим соҳасида япон тажрибаси катта аҳамият касб этади. Сўнгги 30 йил ичида минг нафардан ортиқ ўзбек талабалари ва мутахассислари Японияда таълим олган ёки малака оширган. Бу рақам мамлакатнинг келажакдаги интеллектуал салоҳиятини белгилайдиган муҳим кўрсаткичдир.
Кадрлар тайёрлашда кунчиқар юртнинг JICA, MEXT ва бошқа дастурлари орқали муҳандислик, тиббиёт, транспорт ва давлат бошқаруви соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Эътиборлиси, Японияда билим олган ўзбек ёшлари кейинчалик ўлкамиздаги ислоҳотлар жараёнида ва янги технологияларни жорий этишда фаол иштирок этмоқда, дейиш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат: япон компаниялари билан ҳамкорлик айниқса, маҳаллий меҳнат бозорига янги иш услубини олиб кирмоқда. Бу — сифат назорати, жамоавий масъулият ва узоқ муддатли режалаштириш каби тамойиллардир. Натижада инсон капиталига фақат билим эмас, балки касбий маданият ва дунёқараш нуқтаи назаридан ҳам кучли туртки берилаяпти.
– “Яшил иқтисодиёт” йўналиши доирасида икки давлат ҳамкорлигининг реал натижалари қандай?
– Шубҳасиз, Ўзбекистон–Япония ҳамкорлиги “яшил иқтисодиёт”ни қоғоздаги концепциядан чиқариб, ҳаётий амалиётга айлантирди, десак муболаға бўлмайди. Масалан, энергетика соҳасини олайлик: Япониянинг JICA агентлиги иштирокида Ўзбекистондаги иссиқлик электр станциялари ва энергия объектлари модернизация қилинди. Эски ускуналар ўрнига юқори самарадор технологиялар жорий этилди. Натижалар рақамларда яққол кўринмоқда: бир киловатт-соат энергия ишлаб чиқариш учун ёқилғи сарфи 15–20% га камайди, атмосферага чиқариладиган CO₂ ҳажми эса сезиларли даражада қисқарди. Бу — “яшил иқтисодиёт”нинг асосий мезони: кам ресурс, кам ифлосланиш ва юқори самарадорлик.
Япония билан техник ҳамкорлик доирасида цемент, кимё ва машинасозлик корхоналарида энергия аудитлари ўтказилиб, тежамкор технологиялар жорий этилди. Расмий маълумотларга кўра, айрим корхоналарда энергия истеъмоли 15–25% га камайган ва маҳсулот рақобатбардошлиги ошган. Бу эса экологик барқарорлик иқтисодий зарар келтириши шарт эмаслигини амалда исботлади.
“Яшил иқтисодиёт” фақат саноат билан чекланмади. Япония иштирокида шаҳар иссиқлик таъминоти тизимлари янгиланди, энергия тежовчи қозонлар ва автоматлаштирилган бошқарув ускуналари ўрнатилди. Бу лойиҳалар иссиқлик йўқотишларини камайтириб, ҳаво ифлосланишини пасайтиришга хизмат қилди. Натижада ҳамкорлик самараси оддий аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам сезила бошлади.
Энг узоқ муддатли ва барқарор натижа — инсон капитали билан боғлиқ. Юзлаб ўзбек мутахассислари Японияда энергия самарадорлиги ва экологик менежмент бўйича малака оширди. Бугун айнан шу кадрлар “яшил технологиялар”ни мустақил равишда жорий этиб, уларни маҳаллий шароитга мослаштирмоқда. Бу эса “яшил иқтисодиёт”нинг вақтинчалик эмас, балки тизимли жараёнга айланганини кўрсатади.
– Келинг, кўпчиликни қизиқтирган сармоявий ҳамкорлик мавзусига тўхталиб ўтсак. Ўзбекистондаги қайси соҳалар япониялик ишбилармон ва тадбиркорларни кўпроқ қизиқтиради? Япониялик инвесторларни янада кўпроқ жалб қилиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?
– Сўнгги йилларда диёримиз япон бизнеси учун эҳтиёткор кузатув объектидан чиқиб, истиқболли инвестиция майдонига айланди. Агар 2016 йилгача япон компаниялари асосан давлатлараро лойиҳалар орқали ва чекланган миқёсда иштирок этган бўлса, кейинги даврда вазият тубдан ўзгарди.
Ўзбекистонда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар япон бизнеси учун бурилиш нуқтаси бўлди. Валюта бозорининг либераллашуви, солиқ тизимининг соддалашуви, эркин иқтисодий зоналарнинг кенгайиши ва инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатланиши Япония компанияларининг ишончини оширди.
Бу ишонч рақамларда ҳам акс этмоқда: бугун мамлакатда 50 дан ортиқ япон компаниялари ва қўшма корхоналар фаолият юритмоқда, уларнинг катта қисми охирги 7–8 йилда кириб келган.
Япон бизнеси учун Ўзбекистоннинг устунлиги бир нечта омил билан изоҳланади:
•Ички бозор: 38 миллиондан ортиқ аҳоли ва ўсиб бораётган истеъмол талаби.
•Географик жойлашув: Марказий Осиёдаги марказий позиция — Ўзбекистонни минтақавий логистика ва ишлаб чиқариш хаби сифатида кўрсатади.
•Ёш ва меҳнатга лаёқатли аҳоли: саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳалари учун муҳим устунлик.
JETRO таҳлилларига кўра, Ўзбекистон бугун япон компаниялари учун Марказий Осиёда энг истиқболли бозорлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, энергетика, инфратузилма, машинасозлик, кимё саноати, фармацевтика ва IT соҳаларида қизиқиш ортмоқда.
Муҳими, япон бизнеси энди Ўзбекистонни фақат сотув бозори сифатида эмас, балки ишлаб чиқаришни жойлаштириш ва технологияни локализация қилиш майдони сифатида кўра бошлади. Бу эса узоқ муддатли инвестицияларнинг кириб келиши ва иқтисодий ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди, ЎзА