Халқаро тоза энергия куни муносабати билан БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда қайта тикланувчи энергияни ривожлантиришда бозор механизмларини кенгайтириш ва халқаро илғор тажрибаларни муҳокама қилишга бағишланган юқори даражадаги давра суҳбатини ўтказди.
Тадбирда давлат идоралари вакиллари, халқаро ҳамкорлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиб, қайта тикланувчи энергия лойиҳалари учун молиявий хатарларни камайтириш механизмларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Япониянинг “Feed-in Tarif” (FiT) тизимидан “Feed-in Premium” (FiP) ва рақобатбардош аукционларга ўтиш тажрибаси ҳамда унинг Ўзбекистон шароитида қўлланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу йиғин Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТТДнинг Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган “Инновацион декарбонизация ечимларини илгари суриш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Анжуманда сўзга чиққанлар энергия соҳасидаги ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик ва хусусий сектор иштирокининг муҳимлигини таъкидлашди. Тадбир доирасида Япониянинг қайта тикланувчи энергияни қўллаб-қувватлаш механизмларига бағишланган видео тақдимот тақдим этилиб, асосий ютуқлар, муаммолар ва сабоқлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия сиёсатининг ривожланиши, рақобатли харидлар ва иқлим мажбуриятлари билан уйғунлашув масалалари кўриб чиқилди.
Тадбир якунида Халқаро тоза энергия куни муносабати билан мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Сайёрамизга нафас берайлик” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/eek5j-U2CDU" title="Yapon tajribasi: qayta tiklanuvchi energiya bo‘yicha xalqaro muloqot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Фардона Яхшибоева, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА