Гулистон туманида япониялик инвесторлар билан ҳамкорликда йирик ўқув ва бандлик лойиҳаси амалга оширилади. Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ва Япониядан келган тадбиркорлар делегацияси ўртасидаги учрашувда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар учун халқаро иш имкониятларини яратиш асосий масала сифатида қайд этилди.
Учрашувда таъкидланишича, Гулистон политехникуми ҳузуридаги ўқув маркази япониялик ҳамкорлар билан биргаликда A, B, C, D, E тоифадаги ҳайдовчилик турларини тайёрлашга ихтисослашган курсларни йўлга қўяди. Барча босқичларни муваффақиятли тамомлаган фуқаролар Миграция агентлиги орқали ишчи виза билан Японияга юборилиши режалаштирилган. Бу эса ёшларнинг хорижий меҳнат бозорига чиқишига кенг имконият яратиб, уларнинг барқарор даромад олишига хизмат қилади.

Япон тадбиркорлари ташаббусни қисқа фурсатда амалга ошириш нияти борлигини билдириб, политехникум тасарруфидаги 1,5 гектар майдонда қуриладиган ўқув полигони лойиҳасини тақдим этишди. Мазкур майдонда замонавий техникалар жойлаштирилиб, амалиёт жараёнлари халқаро стандартлар асосида ташкил этилади. Айниқса, махсус ўқув машиналари ёрдамида тезкор ва юқори сифатли тайёргарлик жараёнлари йўлга қўйилиши таъкидланди.

Маҳаллий мутахассислар фикрига кўра, лойиҳа Гулистон туманидаги бандлик муаммосини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, Япония билан ўзаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаб, ёшларнинг касбий малакасини ошириш ва жаҳон бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Тадбиркорлар ва маҳаллий идоралар ўртасидаги бу ҳамкорликнинг амалга ошиши Гулистонда кадрлар тайёрлашнинг янги босқичини бошлаб бериши кутиляпти.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири