Январда аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 11,2 фоизга пасайди, тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари эса 10,8 фоизни ташкил қилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг январь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига бағишланган таҳлилида келтирилган.
Унда коммунал хизматлар ва ёқилғи-энергия нархларининг қимматлашиши бўйича хавотирлар озайгани қайд этилса, валюта курси ўзгариши билан боғлиқ хавотирлар кетма-кет иккинчи ойдан бери ортмоқда.
Марказий банк сўровномасига кўра, декабрь ойидаги кичик ўсишдан сўнг январда аҳолининг инфляцион кутилмалари 0,3 фоиз бандга пасайди. Аҳоли нархларга босим ўтказиши мумкин бўлган асосий омил сифатида валюта курси ва транспорт харажатларини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, коммунал хизматлар ва ёқилғи-энергия нархлари бўйича хавотирлар ҳали ҳам юқори сақланмоқда.
Тадбиркорлар орасида ҳам инфляцион кутилмалар 0,3 фоиз бандга пасайиб, 10,8 фоизни ташкил қилди. Январда уларни энг кўп ташвишга солаётган омил — валюта курси ўзгариши бўлган. Бошқа хавотирлар эса камайган.
Инфляцион кутилмалар соҳалар кесимида энг юқори кўрсаткич давлат ва тиббиёт ходимлари орасида, нисбатан паст кўрсаткич савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кузатилган. Ҳудудлар кесимида энг юқори аҳоли инфляцион кутилмалари Тошкент шаҳрида, тадбиркорлар эса Сурхондарё вилоятида қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар Навоий ва Тошкент вилоятида қайд қилинган.
Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилнинг январда аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари умумий ҳолда пасайиши барқарорлик ва иқтисодий сигнал сифатида аҳамиятли саналмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА