Сўнгги йилларда мамлакатимизда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида рақамлаштириш жараёнлари жадал суръатларда кечмоқда. Нақдсиз тўловлар улушининг ортиши, онлайн-кассалар жорий этилиши ҳамда фискал чеклар тизимининг такомиллашуви натижасида истеъмолчилар ҳам, тадбиркорлар ҳам янги имкониятларга эга бўлмоқда.
Хусусан, харид учун кешбек қайтариш амалиёти аҳолини расмий чек талаб қилишга рағбатлантириб, солиқ интизомини мустаҳкамлашда муҳим омилга айланди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил январь ойи якунларига кўра, истеъмолчиларга 197,6 миллионта чек учун жами 125,7 миллиард сўмдан ортиқ кешбек тўлаб берилди. Бу рақамлар мамлакатда рақамли ҳисоб-китоблар ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кўрсатмоқда.
Тўланган кешбек маблағларининг энг катта қисми қуйидаги ҳудудларга тўғри келган. Хусусан, Тошкент шаҳри – 37,5 млрд сўм, Фарғона вилояти – 18,4 млрд сўм, Тошкент вилояти – 15,4 млрд сўм, Самарқанд вилояти – 8,4 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикаси – 7,8 млрд. сўм кешбек маблағлари тўлаб берилган.
Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида савдо айланмаси ҳажми ва нақдсиз тўловлар улуши юқори бўлгани боис кешбек тўловлари ҳажми ҳам етакчилик қилмоқда. Фарғона ва Тошкент вилоятларида эса аҳоли зичлиги ва савдо инфратузилмасининг ривожлангани ушбу кўрсаткичларга таъсир этган.
Кешбек тизими мамлакатда солиқ интизомини мустаҳкамлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ва харидларни расмийлаштиришга рағбат уйғотиш мақсадида жорий этилган. Ушбу механизм орқали истеъмолчилар ҳар бир харид учун фискал чек олишга қизиқмоқда.
Мазкур тизим Солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилаётган рақамлаштириш дастурлари доирасида йўлга қўйилган бўлиб, “Солиқ” мобил иловаси орқали ишлайди. Фойдаланувчилар чекдаги QR-кодни сканер қилиш ёки автоматик рўйхатдан ўтган онлайн-кассалар орқали кешбекка эга бўлишлари мумкин.
Кешбек маблағини олиш учун фойдаланувчи FACE ID орқали шахсини тасдиқлаши лозим. Бу талаб ноқонуний рўйхатдан ўтиш ҳолатларини чеклаш, сохта аккаунтлар орқали маблағ ечиб олишнинг олдини олиш ҳамда тизим шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Қайд этиш жоиз, кешбек тизими нафақат истеъмолчиларни рағбатлантиради, балки тадбиркорларни ҳам савдони қонуний юритишга ундайди. Натижада бюджет тушумлари ошади, нақдсиз иқтисодиёт улуши кенгаяди ва молиявий интизом мустаҳкамланади.
Январь ойида қайд этилган 125,7 млрд. сўмлик кешбек кўрсаткичи мамлакатда истеъмол фаоллиги юқори даражада сақланаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, рақамли хизматлардан фойдаланиш маданияти изчил ошмоқда.Қайд этилишича, йил давомида кешбек ҳажми янада ортиши мумкин. Бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва солиқ маъмурчилигини янада шаффофлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА