Кейинги йилларда жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, уни бугунги давр ва шароитга мослаштиришни тақозо этмоқда.
Шу билан биргаликда такомиллаштирилган жамоат транспорти тизими нафақат йўллардаги тирбандликни олдини олишда, балки йўловчиларнинг ҳавфсиз ва тезкор ҳаракатланишида ҳамда экологияга бўлган юкни камайтиришда асосий ўринни эгаллайди.
Бугунги кунда республика бўйича 3 минг 903 та йўналишлар мавжуд бўлиб, шундан 3 минг 94 таси фаолият кўрсатмоқда. 809 та йўналиш талабгор мавжуд бўлмагани боис фаолияти тўхтатилган. Мавжуд йўналишларнинг 774 таси шаҳар, 2 минг 756 та шаҳар атрофи, 282 та вилоят ҳудуди шаҳарлараро ва 91 та шаҳарлараро йўналишлардан иборат. Йўналишларда 38 минг 926 та автотранспорт воситалари фаолият кўрсатиб, шундан 5 минг 506 таси автобусларга тўғри келади.
Бундан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига 22 та мунтазам халқаро автобус йўналишлари йўлга қўйилди. Ушбу давлатларга қатновчи автобусларда 2023 йил 9 ойи давомида ўртача 337 мингта йўловчига хизмат кўрсатилган.

Ҳисобот даврида республика бўйича жами 166 та очиқ тендер ўтказилиб, уларда 1 минг 847 та йўловчи ташиш бўйича йўналишлар жойлаштирилди. Шундан 314 та шаҳар ичида, 1345 та шаҳар атрофи, 127 та вилоят ҳудуди шаҳарлараро ва 61 та шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишлардир.
2023 йилда 28 та автобус ва 48 та йўналишли такси, жами 76 та янги йўналиш ташкил этилди. Ушбу йўналишларда 141 та автобус, 75 та микроавтобус ва 304 та “Дамас” русумли автомобиль аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Президент қарорлари ва дастурларга мувофиқ республика бўйича жами 1 минг 137 та янги автобуслар (Тошкент шаҳрида 1000 та, ҳудудларда 137 та) ҳамда 305 та микроавтобус олиб келиниб, йўловчи ташиш йўналишларига жойлаштирилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) “Яшил шаҳарлар” дастури доирасида амалга оширилаётган “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун 350 та электр автобуслар харид қилиш ҳамда улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳаси доирасида 2023 йилда 100 та электробуслар олиб келиш бўйича халқаро тендер ўтказилиб, унда "Yutong" компанияси ғолиб бўлган.
Бугунги кунда дастлабки 6 дона автобус етказиб берилган бўлиб, автобуслар Самарқанд шаҳрини “Боқий шаҳар” мажмуаси билан боғловчи йўналишда фаолият кўрсатмоқда.
Дастурларга мувофиқ жорий йилда 742 та автобус бекати ҳамда 23 та автовокзал ва автостанциялар қурилиши ва реконструкцияси режалаштирилган. Бугунги кунга қадар Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 2 та автовокзал қурилиб, фойдаланишга топширилди,
Наманган вилоятида 1 та автостанция реконструкция қилинди.
Шу билан биргаликда “AТТО” мобиль иловасида ҳайдовчилар фаолиятини йўловчилар томонидан баҳолаш имконияти яратилди ва механизм ишга туширилди. “AТТО” мобиль иловасида Тошкент шаҳридаги жамоат автобуслари ҳаракатланишини онлайн кузатиш имконияти яратилди.Транспорт вазирлигининг “Info.uztrans.uz” корпоратив ахборот тизими ишга туширилди ҳамда “Узтранс” интерактив ахборот тизими таркибида республика харитасида автовокзал ва автостанциялар жойлашув нуқтаси ва улар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олувчи дастур ишлаб чиқилди.
Шаҳарлараро ва вилоятлараро қатновчи автобусларга электрон чипта сотишга мўлжалланган “avtoticket.uz” платформасида, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан республика, шунингдек халқаро йўналишлар учун онлайн чипта сотиш механизми ишга туширилди. Бундан ташқари, ушбу платформа “Paynet” платформасига интеграция қилинди. Натижада, “Paynet” шохобчаларида шаҳарлараро ва вилоятлараро қатновчи автобуслар учун чипта харид қилиш имконияти яратилди.
Жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланмаган тарифлар жорий этилмоқда.
Шунингдек, йўналишларда йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади. Автоматлаштирилган тўлов тизими Тошкент, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида жорий этилди. 2024 йил 1 июнь кунигача Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида ҳам жорий этилади.
Шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга айрим тоифадаги фуқаролар учун имтиёзли транспорт карталари жорий этилди. Жорий йил январь – октябрь ойлари давомида 5 мингдан зиёд фуқарога имтиёзли транспорт карталари тарқатилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган давлатлардан бирига айланди. Бундан ташқари мамлакатимиз аҳолиси тез суръатларда ўсяпти. Бу эса жамоат транспортига бўлган талабни қондириш учун кўпроқ янги йўналишларни ишга туширишни тақозо қилмоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда жамоат транспорти билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, автобуслар паркини янгилаш, транспорт-инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди.
Автобуслар ҳаракатини самарали бошқариш учун ҳайдовчилар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, замонавий электробусларни ишга тушириш орқали жамоат транспорти фаолиятининг экологик жиҳатига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА