2023 йилда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларига жами 370 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 195 минг 735 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 167 минг 548 тасига тегишли тушунтиришлар берилган.
Ҳудудларда ўтказилган 40 дан ортиқ оммавий сайёр қабуллар жараёнларида фуқароларнинг ишга жойлашиш, меҳнат ҳуқуқи, меҳнат муҳофазаси ва бошқа масалаларга оид мурожаатлари кўриб чиқилиб, аксарияти ижобий ҳал этилган.
Ногиронлиги бор шахсларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2024 йилда 16 минг имконияти чекланган ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Ушбу дастурга асосан шу йилнинг январ-март ойларида 4,4 минг нафар ушбу тоифадаги шахсларнинг бандлигига кўмаклашилган.
Хусусан, 2,2 минг ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлардаги мавжуд бўш ва захираланган иш ўринларига ишга жойлаштирилган бўлса, 677 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг эшитувида қайд этилди. Айрим камчилик ва муаммолар ўртага ташланиб, тегишли тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА