Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янтоқзор ўрнида ястанган диёр
18:40 / 2025-06-11

Қурбон ҳайити муносабати билан қишлоқда бўлдим. Айритом қишлоғи Кўкдала туман марказидан 20–25 километр узоқликда жойлашган. Қишлоқ аҳолисининг сони 20 мингга яқин. Бундан 10–15 йил аввал қишлоқнинг ички йўллари асфальт бўлиб, бу ерга тоза ичимлик суви (водопровад) келтирилади, замонавий мактаб ва боғчалар қурилиб, қишлоқ замонавийлашади, деса ҳеч ким у қадар ишонмасди.

Бугун шундай бўлди. Қишлоқнинг ўнқир-чўнқир, чанг ва лой йўллари асфальт бўлиб, шаҳарникидан қолишмайдиган мактаб ва боғчалар қурилди. Туманинг ҳар бир қишлоғига аҳоли учун зарур бўлган ана шундай ижтимоий объектлар қад ростлади, аҳоли учун қуалай ва замонавий инфратузилма яратилди. Мисол учун, туманда 3 йил ичида 20 ортиқ МТТ (боғча) қурилган бўлса, шундан 4–5 таси Айритомда бунёд бўлди. Айни пайтда 24 миллиард сўм маблағ эвазига қишлоққа 25 километр узоқлиқдан тоза ичимлик суви олиб келинмоқда. Бундан қишлоқдошлар янада хурсанд. Боиси кўп йиллик орзулари ушалмоқда. 

Туман марказидаги ўзгаришларни ҳам кўргим келди. Фарзандларимни олиб, туман маркази – Еттитом шаҳарчаси томон йўл олдим. Очиғи, бу ҳудудга яқин 1–2 йил ичида ўтмаган эканман. Кўпчилик мақтаётган, кўп ташаббус ва ислоҳотлар амалга оширилаётган Етитом шаҳарчасини кўриш, шу баҳонада туманнинг асосий драйвери тарвуз пайкалларини оралаб, ёшликни эслаш мақсадида йўлга отландик. Бордик, кўрдик ва амин бўлдик. Кўкдала бугун Янги Ўзбекистонга мос ва хос тарзда, чиндан-да гўзал тарзда бунёд бўлмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Янги туманда замонавий шаҳарсозликнинг энг илғор тажрибалари акс этган. Мажозий маънода айтганда янги туман, янги келинчак сингари очилиб кетган. 

Бундан 3 йил муқаддам Президентимизнинг Кўкдала туманига қилган ташрифлари мобайнида айтган топшириқлари ва яна қатор давлат дастурлари асосида туманда кенг бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Бугунгача туманда бажарилган ишларнинг умумий қиймати бир ярим триллиондан ошибди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали бу масканда жуда кўплаб қиладиган ишлар бор экан. Бу дегани туман қиёфаси ҳали бундан-да гўзаллашади. Энг муҳими, аҳоли учун янада кенг шароитлар яратилади. Таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ишлаб чиқариш каби қатор соҳаларга бугун катта эътибор қаратилмоқда. 

Туманнинг саноат ҳудудида инвестиция дастури доирасида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, италиялик ҳамкорлар томонидан ташкил этилган корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар деярли юз фоиз экспортга йўналтирилмоқда. Шунингдек, ёшлар учун туман марказида IT марказлари, махсус ихтисослашган мактаблар, турли тўгараклар, кутубхона ва маънавият марказлари ҳам юқори даражада ташкил этилган. Натижада туман ўқувчилари юқори натижаларни қўлга киритишмоқда. 

Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, "Янги Ўзбекистон" массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл ва унинг бўйидаги қатор хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари бугунги кунда ҳар қандай одамни ҳайратлантиради. Туманда бир қанча километр йўл таъмирланиб, кўп жойларга ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Тарвуз Кўкдаланинг бекорга рамзи ҳисобланмайди. Хабарингиз бор, туман миришкорлари неча йиллардан буён тарвуз етиштириш бўйича республикада етакчилик қилади.  Маълумотга кўра, туманда жорий йилда 20 яқин маҳалла фуқаролар йиғинида жами фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига умумий 20 000 гектар ер майдонларига эрта, ўртача ва кечки тарвуз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Туман деҳқонлари ўтган йилги мавсумда  8 миллион долларлик тарвуз экспортини амалга оширган бўлиб, жорий йил учун 10  миллион доллар экспорт режалаштирилган эди. Аммо Кўкдаланинг аҳолиси ва экспортнинг тизимли жорий этилиши натижасида жорий йилда экспорт даромади режадагидан ҳам баландроқ, яъни 12 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Энг муҳими, экспорт жараёнлари ҳамон давом этмоқда, демак ҳали рақамлар яна катталашади...

Ҳа, бугун Еттитомда тарвуз экспорти билан боғлиқ ишларни сифатли йўлга қўйишга туман ҳокимлиги томонидан катта эътибор қаратилиб,  бу ерда деҳқон ва тадбиркорлар учун зарур шароитлар яратиб берилган. Қувонарлиси, тарвуз етиштириш орқали кўплаб деҳқон ва тадбиркорлар қатори минглаб аҳоли иш билан таъминланмоқда.  Бундай улуғвор ишлар давомли бўлишини тилаб ортга қайтдик.

Шуҳрат Ҳайитов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

филология фанлари доктори.