Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янтоқлар қоплаган чўлдан гулдек манзилгача – Жарқўрғонда “Янги Ўзбекистон” массиви...
16:40 / 2026-03-05

Муносабат

Бу эл айвонида қалдирғоч ин қуриб, полопон очса, шукроналик келтиради. Манзил-макони файзли даргоҳ эканки, ундан қушлар ҳам барака топаётганидан қувонади.

Бугун юртимизнинг бирор гўшаси йўқки, унда янги ва шинам манзиллар қурилмаётган бўлса. Обод маконлар бўнёд бўляптики, оилалар фаровон, манзиллар равон. Аҳолига муносиб шароит яратиш, шинам турар жойлар барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ошган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 12 октябрдаги тегишли фармонига мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиши ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилаётган шундай лойиҳалардан бири Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қад ростламоқда.

Чўл ҳудудини ўзлаштириш ҳисобига бунёд этилаётган массивнинг 50 гектарида 116 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Ҳозиргача поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб ва маҳалла биноси фойдаланишга топширилиб, 68 та уйдаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди.

[gallery-27996]

Шунингдек, ахборот технологиялари ва инглиз тили ўқув маркази иш бошлаган, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилган. Ичимлик суви, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилиб, 250 киловаттли трансформатор ўрнатилган. 4,5 гектар ерга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган.

Келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда яна 14 та 280 хонадонли кўп қаватли уй-жой, янги йўллар, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган.

– Юртимиз аҳолисига муносиб шароитлар яратиш, шинам турар жойлар барпо этиш борасида Сурхондарёда авж олган кенг кўламли ишлардан қувонсак, арзийди. Жарқўрғондаги “Янги Ўзбекистон” массиви – бугун чин маънода аҳоли фаровон яшаётган сўлим масканлардан бирига айланибди, – деди Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов. –  Бу ерларни бир пайтлар чўл бўлган десангиз, ҳеч ким ишонмайди. Қаранг, маҳобат ва яшилликни, кўз қувнайди. Фақат маза қилиб яшаш учун бунёд бўлган, десам, муболаға бўлмайди.  

Жорий йил 26 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Президентимиз “Янги Ўзбекистон” массивида фаолият юритаётган “Янги ёшлар” бошқарув сервис компаниясининг иши билан ҳам танишган эди. Компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 20 октябрда қабул қилинган “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ходимларини маҳалла даражасига тушириб, бевосита жойларда фаолият юритиши ташкил этилди.

Шунга асосан жорий йил январь ойидан бошлаб ҳудуддаги “Янги Ўзбекистон” МФЙда Фавқулодда вазиятлар тизими органлари ходимлари фаолияти ташкил этилган.

– Вазифамиз маҳаллада юзага келиши мумкин бўлган табиий ҳамда фавқулодда техногин вазиятларнинг олдини олишдан иборат. Шу билан бирга, аҳолини бундай вазиятларга тайёрлаш, улар ўртасида тизимли профилактика ишларини амалга оширамиз, – деди туман Фавқулодда вазиятлар бўлими инспектори, катта лейтенант Аброр Холиқов. – Энг муҳими, халқимизнинг хавфсизлик маданиятини шакллантиришга кўмаклашамиз. Биз ҳозир маҳалла еттилиги билан биргаликда ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли билан хонадонбай ишларни ташкил этиб келмоқдамиз. Қолаверса, маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган ташкилотлар, мактаб, ўқув марказлари ҳамда поликлиникаларда турли ўқув машқлари ўтказилиб, фавқулодда ҳолатлар бўйича кўникмалар ҳосил қиляпмиз.

Абдулазиз РУСТАМОВ,  Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА мухбирлари