Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги 56-умумтаълим мактабида аввал етарлича шароит бўлмагани учун дарслар 3 сменада ташкил этилганди. Бу ўқувчилар ва муаллимларга ноқулайликлар келтириб чиқарган.
Шу каби ҳолатларни эътиборга олиб, таълим муассасаси қайта таъмирдан чиқарилди. Бунинг учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 770 миллион сўм ажратилди. Янгийўл тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Акром Холиқовнинг айтишича, ҳозир ҳудудда 78 та таълим муассасаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, булардан 55 таси умумтаълим мактаби, 2 та бошланғич таълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда 21 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидир.
Умумтаълим мактабларида таълим ўзбек, рус ва қозоқ тилларида олиб борилмоқда. 2023-2024 ўқув йилида умумтаълим мактабларига жами 35 минг 580 нафар ўқувчи келди. Булардан 3 минг 657 нафари 1-синфга қабул қилинди.
[gallery-13507]
Президентимиз ташаббуси билан мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлашга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастури доирасида Янгийўл туманида ҳам самарали ишлар ташкил этилган. Бунинг учун ҳудуддаги 40-мактаб намуна сифатида танлаб олинди. Ўқувчиларнинг қизиқиши, уларнинг таклиф ва ташаббуслари ўрганилди. Шу асосда болаларга иккинчи тил сифатида немис тили ва IT йўналишидаги дарслар “AutoCAD” дастури бўйича ўтилмоқда.
Бир гуруҳ журналистлар туман ҳокимлиги масъуллари, ҳудуд фаоллари билан бирга “Аҳил” МФЙдаги 100 ўринга мўлжалланган давлат хусусий-шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида қатнашди. Илгари бу маҳаллада болаларнинг боғчага қамрови етарли эмас эди. Шунинг учун аҳоли таклифи ва мурожаатлари асосида тадбиркорлар кўмаги билан янги боғча ишга туширилди. Бу ерда болалар учун барча шароит яратилди.
Пресс-тур давомида навбатдаги манзил “MIRISMOIL TEX INVEST” оилавий корхонаси бўлди. Бу ерда текстиль-трикотаж мато ва тайёр кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ойига 56 миллион сўмлик маҳсулотлар тайёрланмоқда. Бунинг учун 25 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминган. Охирги 6 ой давомида туманда умумий қиймати 574,8 миллиард сўмлик 36 та корхона фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 1 минг 782 нафар янгийўллик ишли бўлди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров, (сурат),
ЎзА мухбирлари