Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиқўрғоннинг ўсиш нуқталари нималарда акс этади?
16:01 / 2020-12-18

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимига асосан қониқарсиз, деб топилган 33 туман қаторига Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳам киритилган эди.

Ҳудудда туризмни ривожлантириш, кичик саноат зоналарини ташкил этиш, аввало Янгиқўрғон туманини “қизил ҳудуд”дан чиқариш, қолаверса, иқтисодиётини кўтарувчи “драйвер”, яъни “ўсиш нуқтаси” сифатида қаралмоқда.  

Халқ  депутатлари Янгиқўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Асадулла Нажмиддинов ҳудудда жорий йил амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда 2021 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан аҳолига қилган мурожаатида шу ҳақда маълум қилди.

Янгиқўрғон туманининг тоғли ҳудудларида мавжуд бешта йирик дам олиш маскани, 80 дан ортиқ меҳмон уйлари реконструкция қилиниб, фойдаланилмай турган 11 истироҳат масканига маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш ҳисобига замонавий дам олиш сиҳатгоҳлари ҳамда меҳмонхоналар ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кичик саноат зоналари муҳим йўналиш сифатида белгиланиб, ҳар бир секторда биттадан шундай саноат ҳудудларини ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, 24,7 гектар майдондан иборат “Бунёдкор”, “Нурафшон”, “Гулшан” ва “Янги Боғистон” кичик саноат зоналарига 132 миллиард сўм қийматга эга 51 лойиҳа жойлаштирилади.

Ҳоким мурожаати юзасидан музокараларда аксарият ҳудудларда болалар боғчаларига эҳтиёж сезилаётгани билан боғлиқ муаммо ўртага ташланди.

Бугунги кунда туманда 158 мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, шундан 45 таси давлат тасарруфида. Шунингдек, учта давлат-хусусий шерикчилиги асосида, оилавий тарзда 110 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 45 давлат боғчасининг қуввати 4 минг 685 нафарга мўлжаллангани ҳолда, уларда тарбияланаётган болалар сони 6 минг 740 нафарни ташкил этади. Бу эса туманда яна кўплаб мактабгача таълим муассасаларини барпо этишни тақозо қилмоқда. Таассуфки, тумандаги 29 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида болалар боғчаси қурилмаган. Яна бир муаммо шундаки, мавжуд тарбия масканларининг деярли ярми шароитга мослаштирилган, яъни мактабгача таълим талабларига жавоб бермайди.

Маълумот ўрнида, мактабгача таълим ташкилотларида 3 минг 958 нафар 6 ёшли бола бўлиб, уларнинг 2 минг 28 нафари ёки 51,2 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган. Ваҳоланки, бундан уч йил аввал туман қамров бўйича вилоят миқёсида энг паст ўринда турган (26 фоиз).

Бу кўрсаткични йил якунига қадар 62 фоизга, келаси йилда эса 72 фоизга кўтариш режалаштирилган. Бундай салмоққа оилавий мактабгача таълим муассасалари сонини кўпайтириш, давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим муассаларини барпо этиш ҳамда давлат ихтиёридаги муассасаларда шароитлар яратиш ҳисобига эришиш назарда тутилган.

Мурожаатда туманда келгуси йилда ҳал этилиши зарур бўлган муҳим масалалар, долзарб муаммолар ҳақида ҳам тўхатилиб ўтилди.

Туман аҳолисини асосан ичимлик суви ва табиий газ таъминоти, канализация, йўллар ва ички кўчалар билан боғлиқ муаммолар ташвишга солмоқда. Тумандаги барча маҳалла ички кўчаларини тўлиқ таъмирлаш бўйича хатлов ишлари олиб борилди. Бунинг натижасида 2021 йилда 36 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 43 та кўчада қиймати 5,5 миллиард сўмлик 65 километр йўлни таъмирлаш зарурлиги аниқланди.

Энг асосийси, Янгиқўрғонни “қизил ҳудуд”дан чиқариш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, одамлар турмуш шароитини янада яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 1 триллион 963 миллиард сўмлик 144 истиқболли лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 3 минг 500 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),  ЎзА