Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиободда саховат ва ҳамжиҳатлик намоёни
15:37 / 2026-02-23

Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи

Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ҳудудларда амалий ишлар изчил давом этмоқда. Мазкур ҳужжатда Рамазон ойини миллий анъаналаримизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат ва саховат руҳида ўтказиш, эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгилаб берилган.

Жиззах вилоятининг олис ва тоғли Янгиобод туманида ҳам ушбу қарор ижроси доирасида хайрли ишлар кенг қулоч ёйди. Туман имом-хатиби бошчилигидаги имомлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга манзилли кўмак кўрсатиш тизимли йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан берилган тавсиялар асосида жойларда маърифий учрашувлар, тарғибот тадбирлари ва хайрия акциялари ташкил этилмоқда. Рамазон ойининг мазмун-моҳияти, унинг инсон маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ҳақидаги суҳбатлар аҳоли, айниқса ёшлар қалбида эзгу фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Туманда 10 турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат эҳсон тўпламлари тайёрланиб, ифторлик дастурхонлари учун хонадонларга етказиб берилмоқда. Бу хайрли ишлар барча маҳаллаларда кенг қамровда амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Эътиборлиси, саъй-ҳаракатлар фақат моддий кўмак билан чекланиб қолмаяпти. Улар жамиятда ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, Рамазон инсонни шукроналикка, саховат ва бир-бирига елкадош бўлишга даъват этадиган муборак ойдир.

Янгиободдаги хайрли ташаббуслар Президент қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлиб, юртимизда эзгулик ва инсонпарварлик тамойиллари изчил қарор топаётганини яна бир бор намоён этмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири