Жиззах шаҳарида “Ёш ҳуқуқшунос” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи беллашувлари бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир ички ишлар, мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармалари ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси” доирасидаги мазкур ҳуқуқий кўрик-танловда Жиззах шаҳри ва туманлар босқичида ғолибликни қўлга киритган 14 – 17 ва 18 – 30 ёшлардаги 26 нафар ёш ҳуқуқшунос иштирок этди.

Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган беллашув ҳакамлари ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, 14-17 ёшлилар ўртасида биринчи ўринни Янгиобод туманидан келган Рухшона Зокиржонова эгаллаб, “Ёш ҳуқуқшунос” кўрик-танловининг республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда пахтакорлик Дилнура Сирожиддиновага ҳамда Арнасой тумани вакиласи Насиба Рўзиеваларга насиб этди.

18 – 30 ёшлилари ўртасида эса биринчи ўринни янгиободлик Гулсевар Шайимқулова эгаллади ва у ҳам танловнинг республика босқичида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Ҳар иккала ёш тоифасидаги ғолиблар айнан Янгиобод туманидан эканлиги, олис чегара ҳудудида ҳуқуқшунослик борасида ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилганидан далолат беради.

Шунингдек, ушбу ёш тоифасида иккинчи ўринга Жиззах шаҳридан Жавоҳир Муродов, учинчи ўринга эса Пахтакор тумани вакили Дилшод Содиқовлар муносиб топилди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари